Россияда нима учун эски-туски товарларга талаб ошмоқда?
Россияда ишлатилган товарлар ва маиший техника таъмирига қизиқиш кучаймоқда. Бу ҳол экологик жиҳатдан кўра, юқори инфляция, иқтисодий инқироз ва Ғарб санкциялари билан кўпроқ боғлиқ.
Бутун Россия бўйлаб консигнация дўконлари, иккинчи қўл дўконлари ва маиший техника таъмирлаш хизматларига қизиқиш ортиб бормоқда. Турмуш харажатлари ошиб бораётгани сабабли, тобора кўпроқ истеъмолчилар кийим-кечак ва пойабзал каби янги маҳсулотларни сотиб олишдан воз кечиб, арзонроқ ишлатилган муқобилларни афзал кўрмоқдалар. Иқтисодий беқарорлик даврида, айниқса ёш россияликлар саёҳат, кўнгилочар тадбирлар ва ҳашаматли товарларга камроқ маблағ сарфламоқда.
Ўтган йили Россияда инфляция даражаси 9,52 фоизга етди. Бу кўрсаткич марказий банкнинг энг юқори 8,5 фоизлик прогнозидан анча баланд бўлди. Ҳукуматнинг асосий фоиз ставкасини оширишни ўз ичига олган нархлар ўсишини жиловлашга қаратилган ҳаракатлари деярли самара бермади.
Совет даврини эслатувчи
Россиялик иқтисодчи Игор Липситснинг фикрича, ҳақиқий йиллик инфляция даражаси расмий кўрсаткичдан етти баробар юқори экан. У Россия иқтисодиёти тобора ҳарбий эҳтиёжларга йўналтирилган собиқ Совет Иттифоқи иқтисодиётига ўхшаб бораётганини таъкидлади. Собиқ иттифоқ даврида қурол-яроғ саноатига катта маблағлар ажратилиб, ижтимоий масалалар эътибордан четда қолган эди. Мутахассисларнинг қайд этишича, мамлакатдаги иқтисодий беқарорлик шароитида маҳсулотларни таъмирловчилар ёки ишлатилган буюмларни сотувчилар анча фаровон яшаши мумкин экан.
Россиянинг комиссион дўконлар уюшмаси раиси ҳамда иккинчи қўл дизайнер ва бренд кийимлари учун "Komilfo" бутиклар тармоғи эгаси Андрей Федотовскийнинг айтишича, ишлатилган ҳашаматли товарларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда.
У, бу тенденция "оғир иқтисодий даврлар" бошланишидан олдин ҳам мавжуд бўлганини, аммо Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини оқибатида Ғарб брендларининг Россия бозоридан чиқиб кетиши ва санкциялар қўлланилишидан сўнг кескин ўсганини таъкидлади. Унинг айтишича, қимматбаҳо буюмлар эгалари уларни сотиш орқали маълум миқдорда пулларини қайтариб олишни исташган, харидорлар эса яхши таклифларни топганидан мамнун бўлишган.
