Арманистонда россияпараст олигархнинг блокини сайловлардан четлатиш талаб қилинмоқда
Мамлакат Марказий сайлов комиссияси парламент сайловларига икки кун қолганда мухолифатдаги "Кучли Арманистон" блокининг рўйхатини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқади. Ушбу блок етакчиси Самвел Карапетян келиб чиқиши армани бўлган россиялик миллиардер бўлиб, ҳозирда ҳокимиятни зўравонлик билан қўлга киритишга оммавий даъват қилганлик айблови билан Ереванда уй қамоғида сақланмоқда.
Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматининг DW'га маълум қилишича, йиғилиш 5 июнь оқшомига белгиланган. Карапетян блокини сайлов пойгасининг энг сўнгги палласида четлатиш ташаббуси билан сайловнинг бошқа бир иштирокчиси — амалдаги ҳукуматнинг "Фуқаролик шартномаси" партиясига яқин бўлган "Республика" партияси чиқди.
Партия вакили Григор Аракеляннинг сўзларига кўра, бунга молиялаштиришнинг шаффоф эмаслиги ва ташқи таъсирлар сабаб бўлган.
"Хориждаги Арманистон фуқароларига ватанга қайтиб, овоз беришда иштирок этишлари учун босим ўтказилаётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди. Бу одамлар сайловда мажбуран қатнашиш ва муайян кучларнинг "кўнглидаги номзоди" учун овоз беришга келишмоқда", — дея тушунтирди у Марказий сайлов комиссиясига ариза топширгандан сўнг.
8 майда бошланган бутун сайлов кампанияси давомида Арманистон ҳуқуқ-тартибот органлари деярли ҳар куни сайловчиларни сотиб олиш учун пул тарқатилаётгани ҳақида материаллар эълон қилиб борди. Ушбу маълумотлар асосида "Кучли Арманистон" блокига нисбатан жиноий ишлар қўзғатилмоқда.
The Insider нашрининг республикадаги Россия агентлик тармоғи ҳақидаги суриштирувида қайд этилишича, 1999 йилда Карапетянга хорижга чиқиш паспорти берилган ҳужжатларда унинг иш жойи сифатида "Россия ФХХ Ахборот маркази" кўрсатилган. Арманистон Сайлов кодексига мувофиқ, рақобатчиларнинг рўйхатини бекор қилишни фақат сайловда иштирок этаётган партияларгина талаб қилиши мумкин.
МСК шикоятни 6 июн куни тушгача — яъни "сукут куни" (сайловолди ташвиқоти тақиқланган кун) бошлангунига қадар кўриб чиқиши шарт. Агар комиссия важларни асосли деб топса, у якуний қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлган Маъмурий судга мурожаат қилиши лозим бўлади, дейилади нашр хабарида.
