Россия Украинага қитъалараро баллистик ракета билан зарба бердими?
Украина ҳаво кучлари 21 ноябрь куни эрталаб Днепрни ўққа тутиш пайтида Россия қўшинлари мамлакат ҳудуди бўйлаб қитъалараро баллистик ракета (ҚБР) учирганини маълум қилди.
Зарба Астрахан вилоятида амалга оширилган, дейилади Украина ҳарбийлари баёнотида. Унда бошқа тафсилотлар келтирилмаган.
Украина Қуролли кучлари маълумотларига кўра, Россия Днепр бўйлаб «Кинжал» аэробаллистик ракетаси ва еттита Х-101 қанотли ракеталарини учирган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа ишлари натижасида олтита Х-101 ракетаси уриб туширилган.
«Бошқа ракеталар бўйича жиддий оқибатлар кузатилмади», дея таъкидланади Украина Қуролли кучлари ҳисоботида.
CNN нашрининг қайд этишича, агар маълумот тасдиқланса, бу Россия томонидан уруш давомида бундай турдаги ракеталардан биринчи марта фойдаланиш бўлади. Телеканал шарҳловчисининг фикрича, Россиянинг ҚБРдан фойдаланиши АҚШ Украинага Америка ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига зарба йўллашга рухсат берганидан кейин имкониятларини намойиш қилишидир.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, Днепрда ракета зарбаси оқибатида саноат корхонаси, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш маркази, хусусий уйлар ва яна бир нечта жойлар зарарланган. Дастлабки маълумотларга кўра, икки киши жароҳат олган.
Қитъалараро баллистик ракета — 5500 км дан 9000 км гача бўлган масофани босиб ўта оладиган узоқ масофали қурол. ҚБР шахталардан ёки кўчма ишга тушириш қурилмаларидан учирилади ва қаттиқ ёки суюқ ёқилғи билан ишлаши мумкин.
Россия Мудофаа вазирлиги Днепрга ракета ҳужуми ҳақидаги маълумотларга изоҳ бермади.