Россия билан чегарадош Европа Иттифоқи давлатлари россияликлар учун виза бериш тартибини муҳокама қилади
Польша, Финляндия ва Болтиқбўйи давлатлари чегара хизматлари томонидан русларга нисбатан қўлланиладиган тартибларни стандартлаштириш ниятида. Бу ҳақда Польша матбуот агентлигига берган интервьюсида Польша ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Яблонский айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, бу давлатларнинг мақсади бутун Европа Иттифоқининг руслар учун визалар бўйича ягона ёндашувидир.
Унинг таъкидлашича, максимал режа максимал чекловдир.
“Россия билан чегарадош давлатлар энг кўп ҳаракат қилиши керак, чунки айнан бизнинг ҳудудимиз орқали россияликлар Шенген чегарасини қуруқлик орқали кесиб ўтади, шунинг учун биз имкон қадар ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш ва бирлаштиришга ҳаракат қиламиз”, — дея Яблонскийнинг сўзларини келтиради ТАСС.
Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқининг Россия билан чегарадош беш давлати ўртасида бу масала бўйича кейинги ҳафтада музокаралар ўтказилади.
Аввалроқ Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Хосеп Боррель ЕИнинг 27 давлати ташқи ишлар вазирлари Россия билан виза тартибини соддалаштириш бўйича келишувни музлатишга қарор қилганини маълум қилганди.
