Қабул – 2020. Абитуриентлар диққатига!
Бугун АОКА анжуманлар залида бўлиб ўтган брифингда Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов томонидан берилган муҳим маълумотлар:
Тест синовлари жорий йилда август ойида катта сиғимли биноларда ўтказилади. Абитуриент ўзи танлаган ҳудудда, Давлат тест маркази томонидан онлайн тарзда тақдим этиладиган рухсатномасида белгиланган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади.
2020/2021 ўқув йили қабулида тест синовларини ҳар бир абитуриент учун биноларда 3 квадрат метрдан кам бўлмаган жой ажратиб, қоида тариқасида, бир кунда икки ёки уч сменада ўтказиш режалаштирилмоқда.
Тест синовлари ўтказиладиган ҳудудга ва бинога микрокалькулятор, луғат, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари, шпаргалкалар ва шу кабилар билан кириши тақиқланади.
Тест синовлари абитуриент танлаган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фандан ўтказилади.
Тест топшириқлари сони 60 тани ташкил этади. Бунда, биринчи фан бўйича 30 та савол, ҳар бир саволга 3,2 балл берилади ва 96 бални ташкил этади, иккинчи фан бўйича ҳам 30 та савол, ҳар бир саволга 3,1 балл берилади ва 93 бални ташкил этади. Энг юқори балл 189 ни ташкил этади.
Имтиҳонларда абитуриентларнинг ота-оналари учун алоҳида кутиш (тўпланиш) жойлари ташкил қилинмайди, улар барча бинолардаги тест синовларини (test2020.uz сайти орқали) онлайн кузатиб боришлари мумкин.
2020/2021 ўқув йилида олий ҳарбий таълим муассасалари номзодларига истисно тариқасида тест топширадиган фанлари мажмуаси ва кетма-кетлиги бир хил бўлган ҳарбий бўлмаган олий таълим муассасаларининг бештагача бакалавриат таълим йўналишларини танлаш ҳуқуқи берилди.
2020/2021 ўқув йили қабулида ОТМга кириш синовларида иштирок этиш учун хориждан туриб рўйхатдан онлайн ўтган абитуриентлар Ўзбекистонга кириш тест синовлари бошланишидан камида уч ҳафта олдин келиши ҳамда коронавирус пандемияси муносабати билан жорий қилинган карантин талабларини тўлиқ бажарганидан сўнг, Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги тақдим этган хулосалари асосида тест синовларига киритилади.
