Путин Украинага умуман имтиёз бермоқчи эмас
Россия «Украина билан оқилона муросага» тайёр, бироқ ҳозирча тўғридан тўғри музокаралар олиб борилмаяпти, деди Россия президенти Владимир Путин 25 октябр, жума куни.
«Биз муроса излашга тайёрмиз, биз бу оқилона муросага тайёрмиз, аммо мен ҳозир тафсилотларга тўхталишни истамайман, чунки мазмунли музокаралар йўқ, бошқа томон буни рад этяпти», — деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, гап имтиёзлар ва «алмашинувлар» ҳақида кетмаяпти. «Натижа Россия фойдасига бўлиши керак, мен ҳеч қандай хижолат бўлмасдан, очиғини айтаман ва жанг майдонида юзага келаётган воқеликлардан келиб чиқишим керак, шубҳасиз, биз бу ерда ҳеч қандай ён босмоқчи эмасмиз, ҳеч қандай алмашинув бўлмайди», — деб давом этди Россия президенти.
Путин яна Украина томонини тинчлик музокаралари бўйича «мантиқсиз хатти-ҳаракатларда» айблади. «Шунинг учун нимадир бўйича келишиб оламизми ва нима бўйича келишиб олишимиз мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта», — дея хулоса қилди Путин.