Покистондаги Толибон ҳаракати суд биноси олдида содир этилган портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди
Покистондаги Толибон ҳаракати вакиллари Покистон пойтахти Исломободдаги суд биноси олдида содир этилган ва камида 12 кишининг ҳаётига зомин бўлган худкуш портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.
Бу ҳақда AFP хабар бермоқда.
"Нишонда исломга тўғри келмайдиган қонунларга мувофиқ қарор чиқарган судьялар, адвокатлар ва амалдорлар бўлди", - дейди ҳаракат вакиллари.
Улар, шунингдек, Покистонда Ислом қонунлари жорий этилгунга қадар ҳужумларни давом эттиришларини билдиришди.
Покистон Мудофаа вазири Хаважа Осиф, ўз навбатида, мамлакат бу зўравонлик ҳаракати учун Кобул олдида жавоб беришини айтди.
Бугун тушдан кейин Исломободдаги суд биноси олдида худкуш томонидан содир этилган портлашда камида 12 киши ҳалок бўлди, 27 киши яраланди.
Бир неча соат аввал қуролли гуруҳ Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Жанубий Вазаристон туманидаги Вана шаҳридаги ҳарбий интернатга бостириб кирди. Кириш учун яна бир худкуш бомба юкланган машинани кираверишда портлатиб юборди. Бинода яширинган жангариларга қарши операция давомида уч киши ҳалок бўлган.
Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақвига кўра, Ванада террорчи-худкуш Афғонистон фуқароси экани аниқланган. “Биз Афғонистоннинг ҳужумда бевосита иштирок этишига аминмиз”, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган DPA ахборот агентлиги.
Ҳар икки ҳужумни қоралаган Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, уларнинг Афғонистон ҳудудидан Ҳиндистон кўмагида амалга оширилганини айтди. Деҳли баёнотга жавоб бермади.
