Погба 4 йиллик дисквалификация бўйича Спорт арбитраж судига арз қилмоқчи

Погба 4 йиллик дисквалификация бўйича Спорт арбитраж судига арз қилмоқчи

«Ювентус» футболчиси Пол Погба допинг қабул қилганликда айбли деб топилиб, 4 йилга футболдан четлатилгач, Италия антидопинг прокуратураси чиқарган қарор бўйича Спорт арбитраж судига шикоят аризаси киритишини маълум қилди.

«Антидопинг қўмитасининг қарори ҳақида хабар топдим ва бу ҳукмни нотўғри деб ҳисоблайман. Жуда ҳам хафаман, шок ҳолатидаман. Барча эришганларимни мендан ўғирлангандек ҳис қиляпман. Мени боримдан маҳрум қилишди.

Бу воқеанинг барчаси ҳали очиқланади, аммо мен ҳеч қачон атайлаб ёки мақсадли равишда допинг қоидаларини бузадиган қўшимчаларни қабул қилмаганман.

Профессионал спортчи сифатида ўз натижаларимни тақиқланган моддалар ёрдамида яхшилаш учун ҳаттоки уринмаганман. Ҳеч қачон ўзим ўйнаган ва рақиб жамоаларнинг спортчилари ҳамда мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатмаган ёки уларни алдамаганман.

Бугун эълон қилинган ҳукмдан келиб чиққан ҳолда мен Спорт арбитраж судига шикоят аризасини киритаман», - деб ёзади Погба «инстаграм»даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 20 август куни франциялик жаҳон чемпионининг тестостеронга топширган допинг таҳлили мусбат натижа берганди. Такрорий тестда ҳам натижа бир хил чиққач, 30 ёшли футболчи футболдан вақтинчалик четлатилган эди.

Маълумот учун, Погбанинг «Ювентус» билан амалдаги келишуви 2026 йилга қадар имзоланган. У жорий мавсум клуби сафида бор йўғи 2 ўйинда майдонга тушиб, жароҳат олганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!