Пекин Афғонистон чегарасида назоратни кучайтиришни талаб қилди
Хитой Афғонистон ҳукуматини тожик–афғон чегарасида Хитой фуқароларининг ҳалок бўлиши юзасидан ҳар томонлама тергов ўтказишга чақирди.
Хитой Афғонистон ҳукуматидан тожик–афғон чегарасида Хитой фуқароларининг ўлими бўйича ҳар томонлама тергов ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда Afghanistan International телеканали хабар берди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Хитойнинг доимий вакили Фу Кун чегараолди ҳудудларида назоратни кучайтириш зарурлигини таъкидлади ҳамда бундай ҳодисаларнинг такрорланишига йўл қўймасликка чақирди. У Хитой фуқароларининг ўлдирилишини кескин қоралаб, содир бўлган воқеани минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид деб атади ва афғон ҳокимиятини зудлик билан чоралар кўришга даъват этди.
Дипломат Хитой минтақадаги давлатлар билан ҳамкорлик қилишга, мувофиқлаштириш механизмларини мустаҳкамлаш ва барқарорликни таъминлашга тайёр эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда ҳануз турли қуролли гуруҳлар фаолият юритмоқда ва улар хавфсизликка таҳдид солмоқда.
Хитой вакили афғон ҳокимиятини ушбу гуруҳлар фаолиятини тўхтатиш бўйича чоралар кўришга чақирди. Шунингдек, у Афғонистон ва Тожикистонни янги фожиали ҳодисаларнинг олдини олиш учун чегарадаги назоратни кучайтиришга даъват этди.
Баёнотга сабаб ноябрь ойи охирида Тожикистонда, Афғонистон чегараси яқинида Хитой ишчиларига қилинган ҳужумлар бўлди.
Мавжуд маълумотларга кўра, 26 ноябрь куни дрон зарбаси оқибатида “Шоҳин СМ” компаниясида ишлаган уч нафар Хитой фуқароси ҳалок бўлган. 30 ноябрь куни эса China Road and Bridge Corporation компаниясининг яна икки ходими Афғонистон ҳудудидан ўққа тутилиши натижасида вафот этган. Яна беш киши жароҳат олган.
Ҳодисалардан сўнг Хитой элчихонаси Тожикистон ҳукумати билан шошилинч маслаҳатлашувлар ўтказди ва Хитой компанияларига чегараолди ҳудудлардан ходимларни эвакуация қилишни тавсия этди.
2 декабрь куни Тожикистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари хавфсизлик бўйича қўшма қўмиталари тузиш ва чегара хизматлари ўртасида мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олди. Томонлар ҳужумлар учун Душанбе ва Кобул ўртасидаги ишончни издан чиқаришга манфаатдор гуруҳлар жавобгар эканини маълум қилди.
Кейинчалик Афғонистонда ҳужумлардан бирига алоқадорликда гумон қилиниб, икки киши қўлга олингани хабар қилинди. Ҳозиргача бирорта ҳам гуруҳ Хитой фуқароларининг ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олгани йўқ.
