«Охиригича ҳимоя қиламиз»: Расмий Тошкент БААда ўзбекистонликлар ўлимга ҳукм қилинганини рад этди
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг маълум қилишича, 8 нафар Ўзбекистон фуқаросига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
2025 йилнинг апрел ойида Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудида содир бўлган оммавий муштлашувда иштирок этган 8 нафар Ўзбекистон фуқароларига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг маълум қилишича, уларнинг ўлимга ҳукм қилингани ҳақиқатга тўғри келмайди.
ТИВ расмийси Ўзбекистон фуқароларини охиригича ҳимоя қилишини билдирди.
«Албатта биз фуқароларимизни охиригича ҳимоя қиламиз. Тасдиқланган [маълумотларга кўра], 2025 йилнинг апрел ойида Амирлик ҳудудида оммавий муштлашувда иштирок этган 8 нафар Ўзбекистон фуқароларига жорий йилнинг 21 январ куни суд ҳукми билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган», - деди Бурхонов.
Қўшимча қилинишича, бир нафар фуқарога 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
«Ҳозирда, тегишли идоралар ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан вазиятни тўлиқ ўрганиш ва фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда», - деди Бурхонов.
Воқеа тафсилотлар
Маълумот учун, ўтган йилнинг апрел ойида Дубайдаги ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бирида ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасида тўқнашув содир бўлганди. Оқибатда икки киши пичоқланиш оқибатида вафот этган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур жанжалда иштирок этишда гумонланиб, 15 нафар ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.
Визасиз режим ва давлат обрўсига таҳдид
Воқеадан сўнг Дубай жиноят қидирув бошқармаси Ўзбекистон фуқароларини кўпаяётган қонунбузарликлар икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатишидан огоҳлантирган, Ўзбекистон томони эса фуқароларни хорижда мамлакат шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирганди. Бу воқеадан кейин июн ойида футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида БААдаги ўйинни кўришга борган ўзбекистонликларнинг бир қисми аэропортда текширувдан ўта олмаганди.
Россияда умрбодга қамалган ўзбекистонлик
Эслатиб ўтамиз, Москвадаги 2-Ғарбий округ ҳарбий суди ўзбекистонлик Аҳмаджон Қурбоновни Россия Қуролли Кучларининг радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя кучлари бошлиғи генерал-лейтенант Игор Кирилловнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни содир этишда айблаб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилганди. Суд қарорига кўра, Қурбонов жазосининг дастлабки 10 йилини қамоқда, қолган қисмини эса қаттиқ тартибли колонияда ўташи керак.
