Олимлар ишемик инсультнинг олдини олиш йўлини топди

Олимлар ишемик инсультнинг олдини олиш йўлини топди

Инсульт — хавфли хасталик. У қон айланишининг ўткир бузилиши оқибатида келиб чиқади. Амалиётда хасталикнинг ишемик ва геморрагик турлари фарқланади. Улар орасида ишемик инсульт 2-3 баробар кўпроқ учрайди. Энг ёмони, мазкур касаллик дунёда ўлим ва ногиронликнинг асосий омилларидан бири саналади.

Рус олимлари мия нейронларини ишемик инсульт таъсиридан ҳимояловчи воситани топганини маълум қилди. Бу — селен зарралари.

Менделеев даврий жадвалининг VI гуруҳига мансуб мазкур элемент Бразилия ёнғоқлари, товуқ филеси, балиқ, тухум, гречка, зиғир уруғи ва бошқа дуккакли маҳсулотлар таркибида кўп учрайди.

Селен юрак-қон томир тизими учун жуда фойдали. Қолаверса, иммунитетни оширади, қалқонсимон без фаолиятини меъёрлаштиради, асаб тизимини мустаҳкамлайди, саратон ҳужайраларига қарши курашади. Шунингдек, антиоксидант моддаларни синтез қилишда фаол иштирок этади.

Рус олимлари ўтказган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, организмдаги мавжуд селен зарралари ҳар доим ҳам қонда етарли вақт айланмайди. Улар шунчаки жигар ва талоқда тўпланиб, мия тўқималаригача етиб бормайди. Бунинг сабаби селен зарралари кўп ҳолларда ноқулай ўлчамларга эга.

Ушбу фактлар тадқиқотчиларни турли ўлчамдаги селен зарраларининг нерв ҳужайраларига таъсирини батафсилроқ ўрганишга ундади. Тажриба учун жониворлар миясида астроситлар ўстирилиб, уларга турли — 50, 100 ва 400 нанометр ўлчамдаги селен нанозарраларидан иборат эритмалар юборилди. Якунда 100 нанометрли зарралар энг яхши натижа бериши аниқланди.

Ушбу тажриба келгусида қон айланиш тизими касалликларининг олдини олишга қаратилган янги дори воситаси ишлаб чиқаришда қўл келиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!