Нетаняҳу Мисрга бормоқчи
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу тез орада Мисрга бориши кутилмоқда. Шунчаки эмас, 35 миллиард долларлик шартнома имзолаш учун.
Исроил Миср билан қўшни бўлса-да, икки йилдан бери ҳеч қандай дипломатик алоқа қилмаётганди. Ғазода уруш бошлангач, Миср фақат асирларни озод қилиш масаласида Исроил билан мулоқот қилди. Миср Исроилнинг Фаластинга нисбатан ҳаракатлари сабаб у билан совуқ муносабатда эканини кўрсатишга интилади, лекин барибир икки давлатнинг умумий тўқнашадиган манфаатлари кўп.
Нетаняҳу Мисрга 15 йил ичида илк марта бормоқда. У Мисрга Исроил лидери сифатида икки марта борган, у вақтлар Миср президенти Ҳусни Муборак эди. Нетаняҳу ҳозирги Миср президенти Абдулфаттоҳ ас Сиси билан нейтрал майдонларда кўришган, лекин унинг даврида Мисрга боргани йўқ.
ОАВ эса Нетаняҳунинг 15 йил Мисрга бормагани фақат қоғозда, махфий учрашувлар бўлган деб ёзади.
Нетаняҳу қўшни Мисрга катта дипломатик ва иқтисодий миссия билан боришни режалаштирмоқда. Ташриф давомида Исроил Мисрга газ етказиб бериши бўйича келишув имзоланиши мумкин. Бу узоқ йиллик шартнома экани, унинг қиймати 35 миллиард доллар бўлиши айтилмоқда.
Лекин Исроил ичида бу мегакелишувга қаршилар кўп. Масалан, Исроил энергетика вазири Эли Коэн бундай катта келишув Исроилнинг ўзи учун энергетик инқироз келтириб чиқариши мумкинлигидан хавотирда. Вазир келишувга рози бўлмаслигини айтган.
Шунингдек, Нетаняҳу ташрифдан сиёсий пиар ва одамларни чалғитувчи манёвр сифатида фойдаланмоқчи. Ҳозир Исроилда Нетаняҳудан норозилик кайфияти юқори, бош вазир уни кечиришларини сўрамоқда.
