Меҳнат вазирлиги Шуҳрат Ғаниевнинг якшанба куни йиғилиш ўтказгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Меҳнат вазирлиги Шуҳрат Ғаниевнинг якшанба куни йиғилиш ўтказгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида 18 апрель, якшанба куни соат 18:00 да қишлоқ хўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилгани ҳақида ижтимоий тармоқда хабар тарқалди. Меҳнат вазирлиги бунга муносабат билдирди.

Вазирликнинг қайд этишича, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим. Ёҳуд ишдан ташқари иш вақтида ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.

18 апрель куни ўтказилган видеоселекторда иштирок этган барча ташкилот ходимлари ўз меҳнат вазифаларига кирадиган масалалар юзасидан дам олиш кунида ишга жалб қилинган. Меҳнат вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик ва идораларга дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.

Шу билан бирга, инспекция томонидан ҳозирги кунга қадар ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан 300 дан ортиқ мониторинглар ўтказилган бўлиб, ўрганишлар давомида қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида ташкилот ва идораларга 150 дан ортиқ ёзма кўрсатмалар киритилгани қайд этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев январь ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мажлисбозликни камайтириш шартлигини қатъий таъкидлаганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!