Маънавий эҳтиёж қондирилмаса...
Қўшнимиз ўғил кўрибди. Анчадан бери тирноққа зор эди бу оила. Эл қатори мен ҳам қувондим. Халқига хизмат қиладиган бўлсин , дедим-да, сим қоқдим.
Ака, умри узун бўлсин! Исмини нима қўйдингиз?
Месси...
Ўзбекча от қуриганми?
Эй, сен нимани тушунардинг? Мессини биласанми, ўзи?.. Исм ўзбекча, тожикча, испанча деб ўтирасанми?.. Футболчи бўлсин, ука! Кўрасан, бизнинг ўғил Ўзбекистонни жаҳон чемпиони қилади, шунда нега Месси қўйганимни тушунасан.
Ростдан Месси қўйдингизми?
Қизиқсан-эй, ҳа, бўлмаса, тузукроқ исм айт. Футболчи бўлсин! Қўяман, майли, сазанг ўлмасин!
Бу одамга яхши футболчи керак. Буни ҳамма ўйлаяпти.
Маънавий эҳтиёж қачон туғилади?
Халқнинг нияти, мақсади, орзу-истаклари бўлади. Бу муболаға эмас. Бу эҳтиёж аста-секинлик билан каттариб, улуғлашиб бораверади. Бу эҳтиёжлар орасида халқнинг маънавий эҳтиёжи энг каттасидир. Халқнинг маънавий эҳтиёжи бир кунда, бир ойда юзага келмайди ва бу кўпинча неча ўн йиллаб вақтни, неча асрларни ўз ичига олиши ҳам турган гап.
Азал-азалдан ўзбек халқи маънавиятли, ҳалол, ориятли, ҳамиятли, ватанпарвар, ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялаш илинжида яшаган. Эртасини шу фарзандлари тимсолида кўрган элнинг маънавий эҳтиёжи ҳам шу маънода улуғлашиб борган. Тарихга чуқур назар солиб шунга ишониш мумкинки, ҳар бир яратилган асар, у хоҳ насрий, хоҳ назмий бўлсин, замирида эзгу ўй-кечинмалар, ғоялар сингдирилган. Бу нимадан далолат дейиш мумкин, аввало, комил авлодни тарбиялаш...
Комил инсонни тарбиялаш илинжи
Энг қадимий ёзувлар Тунюқуқ битиклари , Билга ҳоқон битиклари , Маҳмуд Кошғарийнинг Девону луғотит турк , Юсуф Хос Ҳожибнинг Саодатга элтувчи билим сингари манбаларда ҳам шубҳасиз, элнинг эл бўлиш ғояси тажассумланган. Бугунги кунгача ушбу қўлёзмалар сақланиб келинаётгани, асарлар қўлма-қўл ўқилаётгани сабаби халқнинг маънавий эҳтиёжи тилга олинганидадир.
Айтайлик, Девону луғотит турк асарида мардлик, ватанпарварлик ва жасорат юксак пардаларда тараннум этилади:
Такра олиб аккуралим,
Аттин тушиб юкаралим,
Арсланлаю кукаралим,
Куча анин кавилсун.
Шубҳасиз, бирор асар шунчаки яратилмаган. Ҳар қайси яратилиши тарихида эзгу мақсадлар, улуғ ниятлар бўлган. Ҳа, Алпомиш достони яратилиши билан боғлиқ жуда кўп тахминлар, фаразлар, қарашлар учрайди. Айтайлик, бири халқ ичида ватанпарвар, ориятли, ёвга тиш-тирноғи билан қарши чиқишга интиладиган авлодни тарбиялаш зарурати бўлганида туғилган деса, яна биров буни ўша пайтдаги шундай инсонларга муҳтож бўлган элу халқнинг эртанги орзулари билан боғлайди. Олимлар халқ менталитетини улуғлашга бўлган иштиёқ сифатида кўрсатишади. Лекин унинг ёзилишини мен халқнинг эҳтиёжини қондириш илинжи дея тахминлаган бўлардим. Айнан шу даврдаги воқеалар буни исботлайди, яъни халқнинг орзу-ўйлари улуғлаша борган ва миллатнинг миллат сифатидаги ўрни сезила бошлаган.
Айтилмайдиган эҳтиёж
Давр ўтиб халқ одамлар жипслашди. Ваҳолангки, бу даврда инсонларнинг ҳам маънавий, ҳам моддий хоҳишлари, қарашлари ўсди. Уларнинг тафаккуридаги инсон сиймоси ҳам комиллик мезонида хаёлан ўлчана борди. Халқнинг орзу-ўйларида бу тимсол тажассумланди.
Алишер Навоий асарларида нега комил инсон сиймоси бот-бот тилга олинади, дейди фольклоршунос Шаҳодатбону Имомназарова. Комил инсон орқали жамиятга керакли одамни яратиш, унинг тимсолида халқ ичидаги ёшларни кўриш, юртига керакли шахсларни камол топтириш умидида бўлган. Фарҳод ва Ширин , Лайли ва Мажнун , Маҳбуб ул- қулуб асарлари ҳам айнан халқнинг маънавий эҳтиёжи маҳсули, десак хато бўлмайди. Бугунги кунда ҳам бу асарлар қўлма-қўл бўлиши сабабини ҳам айнан унда инсонларни эзгуликка ундаш масаласи турганида, деб биламан.
Одамнинг айтиладиган ва айтилмайдиган орзу-ниятлари бўлади. Халқнинг маънавий эҳтиёжларини ҳам айтиб бўлмайди, фақат уни ҳис этиш мумкин.
Тасаввур қилинг, инсон баъзан истамаган ҳолда ким биландир суҳбатлашгиси келади. Гаплашиб, руҳи кўтарилади, маънавий юк олади. Ёки умуман одамлар гурунглашгани кимнингдир олдига ошиқади, у жамиятда улар излаётган образ, дейиш мумкин. Ўй-кечинмаларида ҳам ўша инсоннинг сўзлари такрорланиб тураверади. Баъзида бир ўқиган китобни бир неча марта қайта ўқийди. Негаки маънавий эҳтиёжини персонаж орқали қондиришга уринади.
Нега Кумуш исми кўпайган? Одамлар Қодирийнинг қаҳрамонига ўхшаган фарзанди бўлишини истаган, дейди ўқитувчи Дилшод Ўнаров. Маънавий эҳтиёж масаласи олдида маънавий ибрат деган ўй бор. Нега Қашқадарёда Ишани исми қўйилади, одамлар шундай образга муҳтож. Шунга уларнинг эҳтиёжи бор. Лекин бу маънавий эҳтиёжни кўриб бўлмайди-да. Буни ижодкорлар чуқур ҳис этиши керак. Қачонгача биров яратган қаҳрамонларни ўз ўйларимиз бўйича бежаймиз. Нега доим китобларга мурожаат қиламиз, биласизми? Замон қанчалик тараққий этмасин, барибир одамлар шунга эҳтиёж сезади. Тараққиётни китобсиз, китобни тараққиётсиз тасаввур этиб бўлмайди.
Китобсиз тараққиёт бўладими?
Инсоният XXI асрга қадам қўйди. Ахборот асрида яшаяпмиз. Ҳамма техниканинг улкан имкониятлари қаршисизда тасанно айтмоқда. Гўё илмнинг охирига етгандек туюлаяпти, одамларга. Аслида ҳам шундайми? Йўқ, барибир кашфиётларнинг ибтидоси китоб билан боғлиқ.
Автобусда бир кампирнинг газета ўқиб кетаётганига кўзим тушди. Синчиклаб қарадим, момо чет эллик футболчилар ҳаёти акс этган мақолани ўқиётганди. Ўйлаб қолдим, ахир момога бунинг нима қизиғи бор? Шуни анчадан бери ўйлаб, ўйимга етолмайман. Мухлис деб ўйлаш ҳам мумкин, бу тугал жавоб эмас. У эҳтимол ўша газетани бошқа очиб ҳам кўрмас. Бироқ у ўша рўзномадан битта нарса қидирарди, бу образ! Агар шунинг ичидан у излаган нарсани топганида мунтазам шуни ўқирди. Яна бир муҳим жиҳати унда маънавий эҳтиёжни қондирар материал йўқ эди. Шуни айтиш учун типик асар ёзиш шарт , дейди ҳуқуқшунос Муқаддас Ғайбуллаева.
Халқимиз азал-азалдан халқнинг эҳтиёжини биринчи ўринга қўйган. Халққа ризқ бергани, сенга ризқ бергани сингари ҳикматлар борлиги шунга ишора.
Албатта, Президентимизнинг Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида ги фармойиши китоб билан одамларни таъминлашга катта ёрдам берди, деб ўйлайман, дейди китобфуруш, якка турдаги тадбиркор Отахон Худайберганов. ...Ушбу муҳим соҳа ривожи билан боғлиқ аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда бир қатор муаммолар мавжудлигини қайд этиш лозим , деган эди юртбошимиз. Шунданми, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйдим ва одамларни китоб билан таъминлаш, уларга нур улашиш истагидаман. Ушбу фармойиш кўпгина ижодкорларни уйғотди, десам адашмайман. Эндиликда китобот санъати ва бизнеси ривож топиб бормоқда. Негаки китоб ўқиш, чоп этиш, тарқатиш, ёшларни жалб этиш борасида улкан тажрибага эга халқимиз орасида қанча ёзувчи-шоирлар, ижодкорлар бор. Шу маънода янги бадиий асарлар, қўлланмалар дунё юзини кўрмоқда. Ўйлайманки, халқнинг шунга эҳтиёжи бор.
Уйдирма маънавий озуқа берадими?!
Юртбошимизнинг ушбу фармойишида шундай жумлалар алоҳида қайд этиб ўтилган эди: аввало, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш ишлари пухта ўйланган тизим асосида ташкил этилмаган . Албатта, жаҳон адабиётининг йирик вакиллари асарларини ўзбек китобхони ўқишга муштоқ.
Электрон адабиётлар орқали китоб ўқиётган ёшларни кўп учратамиз, дейди шоир Мансур Жумаев. Уят бўлса-да, айтишга мажбурмиз, бу китоблар орасида турли порнографик асарлар борлиги кишини ўйлантиради. Масалан, турли хил шу турдаги ҳикоялар орқали киши маънавий озуқа олиши мумкинми? Тағин ғирт уйдирма, миллий менталитетга ёт, одамнинг ҳирсини уйғотадиган ҳикоялар бўлса, мен буни ҳазм қилолмайман. Бир-иккита болаларга танбеҳ бердим, шуни ёзаётган ёзувчи наҳот фарзандлар тарбияси ҳақида ўйламаса... Одамларнинг маънавиятини ўстириш орқали уларни шундай ғализ тушунчалардан сақлаш мумкин.
Гулфем исмидан маъно топиш...
Дунё китоб савдоси тажрибасидан маълумки, китобхон уйида ўтириб истаган асарга буюртма бериш имкониятига эга. Бу биринчидан, ўқувчининг вақтини тежаса, иккинчидан китоб сифатини билим имкониятини туғдиради. Боз устига чекка ҳудудларда китоб савдоси жуда оқсаётганини, шунингдек, уларни электрон адабиётлар билан таъминлаш тизимида қатор нўноқликлар борлигини инобатга олсак, китобга эътибор ёш авлод тарбиясида муҳим эканини таъкидламай илож йўқ.
Маънавий бўшлиқ миллий руҳ, менталитет асосида тўлдирилмаса, ўрнига бегона урф, оқава тушунчалар кириб кетади. Юқорида тилга олинганидек, инсон ўзи ўйлаб-ўйламай баъзан шу ўйлар таъсирига тушиб боради. Ўзининг маънавий эҳтиёжини қондириш илинжида чор-атрофдан изланади. Бадиий асарлар, киноларга юзланади. Аммо улар саёз бўлса... Месси , Макгрегор , Ишани , ёки Зерда , Гулфем исмидан маъно топишга ва уни қўйишга тушади. Умуман бу исмлар урфга айланиши олдидан зиёлиларда битта фикр ғужғон ўйнаши керак халқнинг маънавий эҳтиёжини қондирилаяптими? Шундагина халқ ўз маданиятига чуқурроқ ҳурмат билан ёндашади.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб, Раҳбардан 10 та китоб акцияси сингари китоб ўқишга, илм эгаллашга чорловчи тадбирлар ташкил этилмоқда. Юқорида таъкидланганидек, китобсиз тараққиётга эришиб бўлмайди, жамият қанчалик тараққий этмасин илм ривожланишнинг бош мезони бўлиб қолаверади. Зотан, муқаддас динимиз ҳам Бешикдан қабргача илм изла шга даъват этган.
Олимжон Жумабой,
