“Мактаб-техникум-институт-иш берувчи” интеграцияси йўлга қўйилмоқда

“Мактаб-техникум-институт-иш берувчи” интеграцияси йўлга қўйилмоқда

22 апрел - “Халқаро Ер куни” муносабати билан Тошкент геодезия ва картография техникумида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги масъуллари, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш мухандислари институти” Миллий тадқиқот университети ректори Баҳодир Мирзаев ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Мазкур тадбир ўқувчиларни замонавий касб ва мутахассисликларга ўқитиш, хусусан келгусида геодезия ва картография соҳасида кадрлар тайёрлаш кўламини кенгайтириш, мактаб битирувчиларининг иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлашларига кўмаклашиш мақсадида ўтказилди.

Тадбир доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги томонидан қўшма қарор имзоланди. Ҳужжат геодезия, картография, кадастр ҳамда фазовий маълумотлар соҳаси учун олий маълумотли кадрларни иш берувчилар билан ҳамкорликда тайёрлашни назарда тутади.

Қўшма қарорда, шунингдек, соҳа ходимлари, профессор-ўқитувчиларни маҳаллий ва хорижий ўқув курсларида малакасини ошириш, хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда турли танловлар ва грантларда лойиҳалар билан қатнашиш ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилган.

Учрашувда Тошкент геодезия ва картография техникуми ҳузурида компетенсиялар марказини очиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!