Кўҳна Бухоро: халқаро фестивал тараддуди

Кўҳна Бухоро: халқаро фестивал тараддуди

Бухорода жорий йилнинг 21-25 май кунлари "Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали" ўтказилади.

Президентимизнинг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган мазкур тадбир халқ амалий санъатининг зардўзлик ва заргарлик анъаналарини ривожлантириш, уларнинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, ушбу йўналишда ҳунармандлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш орқали халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қиладиган тадбир доирасида каштадўзлик санъати халқаро фестивали ҳам ўтказилади.

Мазкур халқаро фестивал кўҳна ва боқий Бухоро шаҳрида жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда, баҳор фаслининг май ойида ташкил этилади. Фестивал доирасида Бухоро шаҳридаги “Лаби ҳовуз” ансамбли майдонидан “Арк” қўрғони ҳудудигача бўлган ён-атрофда зардўзлик ва заргарлик санъатига оид турли кўргазмалар ташкил этилади. Ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий зардўзлик ҳамда заргарлик дастгоҳлари, маҳсулотларни яратиш жараёнлари, ҳунармандчиликка оид бадиий, ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиш қилинади.

Айни кунларда нуфузли халқаро тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ҳокимлик масъуллари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутасаддилари томонидан қурилиш давом этаётган майдонлар, хусусан, “Арк” қўрғонида олиб борилаётган декорация ва созлаш ишларини сифатли бажарилиши назоратга олинган. Кўчалар тозалиги, ён-атрофдаги тунги ёритиш чироқларини соз ҳолда бўлишини таъминлаш, дарахтларга шакл бериб оқлаш, гулзорларни тартибга келтириш бўйича кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мақсад фестивални юқори савияда ўтказиш, ташриф буюрган ҳар бир меҳмон кўҳна кентнинг нафақат ўтмиши, балки, бугунги гўзаллигини ҳам ҳис қилишини таъминлашдир.

Хорижий давлатлардан зардўзлик ва заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи маҳоратли ҳунармандлар, амалий санъат усталари, ўз брендига эга бўлган ташкилотлар, шунингдек, соҳа олимлари, фахрий меҳмонлар қатнашадиган нуфузли тадбирни пухта тайёргарлик билан намунали ўтказиш қадим Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этишда муҳим аҳамиятга касб этади. Шу боис вилоят марказида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш, фестивал ўтказиладиган ҳар бир кўча, гузар ҳамда мажмуа, саҳна майдонларини талаб даражасида тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Вилоят марказидаги Баҳоуддин Нақшбанд, Иброҳим Мўминов, Ислом Каримов, Ибн Сино, Алишер Навоий, Ғиждувон ҳамда Газли шоҳ кўчалари, Халқлар дўстлиги, Қаюм Муртазоев, Муҳаммад Иқбол, Алпомиш каби жами 20 дан ортиқ кўчанинг ҳар бирига шаҳар ҳамда вилоят ҳокимлиги тизимидаги бошқарма, корхона ва ташкилотлардан масъуллар бириктирилган, – дейди Бухоро шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Аҳтам Аҳмедов.

– Тозалаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, бир сўз билан айтганда, байрамга мос кўринишга келтириш ишлари авжида. Аниқроқ айтганда, айни пайтда қурилиш бораётган кўчаларда объектлар олдини баннерлар билан ўраб олиш, йўл ёқасида фаолият юритаётган савдо-маиший хизмат кўрсатиш бинолари, кўп қаватли уй-жойлар фасад қисмини тартибга келтириш, кунлик ахлат ва чиқиндиларни бартараф этиш, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, кўчаларда тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш, дарахтларга шакл бериб оқлаш, гулзорларни тартибга келтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўтқазилаётган турли анвойи гуллар кўчаларга ўзгача чирой бағишламоқда.

Кўҳна Бухоро: халқаро фестивал тараддудиКўҳна Бухоро: халқаро фестивал тараддудиКўҳна Бухоро: халқаро фестивал тараддудиКўҳна Бухоро: халқаро фестивал тараддуди

Шу билан бирга сайёҳларга ва маҳаллий аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида жойлашган Лаби Ҳовуз мажмуаси, Тоқи Телпакфурушон ҳамда Пойи Калон мажмуаларида тижорат банклари билан ҳамкорликда 24/7 режимида ишлайдиган банкоматлар ўрнатилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!