Коррупция – жамият кушандаси
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди ва жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьялари томонидан “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” куни муносабати билан “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” ҳамда “Зўравонликка қарши курашиш чора тадбирлари” мавзуларида очиқ мулоқотлар ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьялари томонидан Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ахборот-технологиялари ва коммуникация йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда давра суҳбати бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2020 йил 30 июнь куни ўтказилган одил судловни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган 49-сонли йиғилиш баёни ижроси юзасидан ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 3-банди банди ижроси юзасидан ташкил қилинган мазкур давра суҳбатида туман прокуратураси, Яшнобод туман ИИО ФМБ ходимлари, Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ахборот-технологиялари ва коммуникация йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг профессор, ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.
Давра суҳбати жараёнида, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьялари Анвар Икромов, Умиджон Ханаев йиғилганларга “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” куни муносабати билан “Коррупция ривожланишимизга тўсиқ” ҳамда “Зўравонликка қарши курашиш чора тадбирлари” мавзуларида очиқ мулоқот ҳамда мавзу доирасида ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб боришди. Профессор ва ўқитувчилар томонидан берилган бир неча Коррупцияни олдини олиш оид ва суд соҳасида қилинаётган ишларга оид саволларга жавоблар ҳам берилди.
Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди судьялари Фарҳод Шукуров, Шерзод Юлдашев, Боходиржон Юсупов, Музаффар Кукиев, Анвар Дусмуродов томонидан эса тумандаги “Нилуфар” ва “Янги Сирғали” МФЙда туман прокурорининг катта ёрдамчиси Б.Акромов, Сирғали туман ИИО ФМБ Пробация бўлими ходимлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида сайёр учрашувлар ўтказилди.
Иштирокичиларга мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу йўналишда қабул қилинган қонунлар ва давлат дастурлари, амалий саъй-ҳаракатлар, шунингдек мазкур турдаги жиноятларни судларда кўриш амалиёти ва улар учун белгиланган жавобгарлик масалалари хусусида маълумот берилди.
— Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар тоифасига 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 192-9-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), 192-10-модда (нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш)ни иқтисодиёт соҳасидаги коррупцияга оид жиноятлар; 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш), 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)ни бошқарув тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар; 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) кабиларни одил судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар; 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин. Шунга кўра, коррупцияга оид жиноятларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид жиноятларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган, - дейди судья Фарҳод Шукуров.
Йиғилиш сўнгида коррупциянинг олдини олишга доир олиб борилаётган чора-тадбирлар, ўтказилаётган профилактик ишлар, давлат хизматларининг такомиллашуви, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги тизимли вазифалар борасида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Ўз навбатида, судлар ҳам манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда коррупцияни олдини олиш борасида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишга, жиноятчилик, шу жумладан, коррупция билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш ва уларга барҳам бериш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилишига масъуллиги муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.