Жойлаштириш воситаларининг халқаро бронлаш тизимидаги фаолияти таҳлил қилинмоқда
Меҳмонхона хизмати фойдаланувчиларига тўғри ва асосли маълумот тақдим этилишини назорат қилиш мақсадида «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК томонидан республикадаги жойлаштириш воситаларининг халқаро бронлаш тизими www.booking.com, www.ostrovok.ru, www.mybooking.uz саҳифаларидаги маълумотлари таҳлил қилиб борилмоқда. Таҳлил давомида жойлаштириш воситалари томонидан бронлаш тизимларига асоссиз маълумотларни киритилиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 15 январь ҳолатига асоссиз тоифа қўйганлар бўйича 175 та, сертификатсиз ҳамда реестрга киритилмасдан фаолият кўрсатаётганлар бўйича 234 та, жойлаштириш воситаси турини, номини, манзилини нотўғри қўйганлар бўйича 49 та, жами 458 та ҳолат аниқланди.
Меҳмонхона хизмати фойдаланувчиларига асосли ва тўғри маълумотлар тақдим этилишини таъминлаш мақсадида манфаатдор ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда бир қатор ишлар олиб борилди ва қуйидаги натижаларга эришилди.
Асоссиз тоифа (юлдуз) қўйганлар бўйича 69 та, сертификатсиз ҳамда реестрга киритилмасдан фаолият кўрсатаётганлар бўйича 144 та, жойлаштириш воситаси турини, номини, манзилини нотўғри қўйганлар бўйича 19 та, жами 232 та ҳолат бартараф этилди.
Хусусан, юртимизда фаолият олиб бораётган 67 та жойлаштириш воситаларининг халқаро бронлаш тизимидаги тоифа маълумотлари тўғриланди. Сертификатсиз фаолият юритаётган 4 та жойлаштириш воситаси ўрнатилган тартибда сертификатланди.
Жойлаштириш воситаларининг халқаро онлайн бронлаш тизимидаги маълумотларини мониторинг қилиш ҳамда асоссиз маълумотларни тўғрилаш ишлари мунтазам давом эттирилади.
Шу билан бирга, келгусида мазкур онлайн бронлаш тизимларида асоссиз маълумотларни қўйган жойлаштириш воситалари тўғрисида маълумотларни ОАВда ёритиб борилади.
