Жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш янада такомиллаштирилди

Жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш янада такомиллаштирилди

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, хусусан, ҳимояланиш ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, давлат томонидан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 14 майда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-617-сонли Қонуни имзоланди ва 2020 йил 15 майда расмий эълон қилиниши муносабати билан шу кундан кучга кирди. Қонун билан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ўзгартишларга кўра, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланди. Бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан холи учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлаши, ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгилаб қўйилди. Ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан холи учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмайди.

Бундан ташқари, мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 217-моддасига ўзгартириш киритилиб, унга кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор гумон қилинувчига, айбланувчига нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида шахсга нисбатан қўлланилган процессуал мажбурлов чораси ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, (илгари 24 соатдан кечиктирмасдан хабар берилиши шарт бўлган) шунингдек бу ҳақда иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши шартлиги белгиланди. Шунингдек, шахсни ушлаш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатлари ҳам эндиликда видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлади.

Бундан ташқари, шахсга нисбатан қўлланиладиган процессуал мажбурлов чораси ва шахс ушлаб турилган жойи тўғрисида унинг яқинларига дарҳол хабар берилиши шартлиги белгиланди.

Ушлаб турилган шахсга видеоёзув уни намойиш қилиш орқали таништирилади. Ушлаб туриш, шахсий тинтув қилиш ёки олиб қўйиш баённомасига процессуал ҳаракатлар видеоёзув орқали қайд этилганлиги ҳақида ёзиб қўйилиб, видеоёзув материаллари баённомага қўшиб қўйилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби ҳуқуқий ислоҳотларнинг, хусусан ҳимояланиш ҳуқуқини таъминлаш институтини такомиллаштирилиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўла таъминлашдан иборатдир

 

Акром Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди катта консультанти


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!