Исроил Ливанга зарбаларни давом эттирмоқда
Исроил Ливаннинг жанубидаги Набатия вилоятида мошинага дрон орқали зарба берди.
Исроил армияси Ливаннинг жанубида жойлашган Набатия вилоятининг Тул қишлоғидаги автомобильга ҳужум қилди. Зарба учувчисиз учиш аппарати орқали амалга оширилгани ҳақида Ливан ахборот агентлиги NNA хабар берди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳужум натижасида бир киши яраланган.
2024 йил 27 ноябрда тузилган ўт очишни тўхтатиш келишувига қарамай, Исроил Ливаннинг жанубий ҳудудларига зарбаларни давом эттирмоқда. Маҳаллий ҳокимият ва халқаро ташкилотлар келишувнинг мунтазам бузилишини қайд этмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари олий комиссарининг расмий вакили Тамин Ал-Хитаннинг маълум қилишича, келишув тузилганидан бери 114 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Унинг айттишича, идора Исроилнинг истиқомат хонадонларига берилаётган зарбаларини, шунингдек аҳолини уйларини тарк этишга чорловчи огоҳлантиришларини кузатиб бормоқда.
«Фуқароларга нисбатан давом этаётган зўравонликни дарҳол тўхтатиш лозим. Ливаннинг жанубида аҳоли икки йилдан ортиқ вақт давомида хавф остида яшамоқда. Биз ўт очишни тўхтатиш келишувига ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига сўзсиз риоя этишга чақирамиз», — деди Ал-Хитан «Анадолу» агентлигига берган шарҳида.
Исроил Ливанга ҳужумларни 2023 йил октябр ойида яна бошлаган эди. 2024 йил сентябр ойига келиб, ҳарбий ҳаракатлар кенг кўламли урушга айланди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, тахминан 17 минг киши яраланган.
Маълум қилинишича, Исроил 2024 йил ноябрда тузилган ўт очишни тўхтатиш келишувини 4 500 маротабадан ортиқ бузган.
Шунингдек, Исроил сўнгги уруш давомида эгаллаган бешта баландликни ҳамон ўз назоратида сақламоқда. Армия бир неча ўн йиллардан бери назоратида бўлган баъзи ҳудудларда ўз мавжудлигини давом эттирмоқда.
