Иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлиги 2 баробарга оширилади

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини зарур энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Унга кўра, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжи учун етказиб бериладиган электр энергия миқдорини 120 миллиард кВтга етказилади.
Табиий газ қазиб олиш ҳажми эса 62 миллиард куб метрга етказилиб, иқтисодиёт тармоқларининг энергия самарадорлигини 2 баробарга оширилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — зарур энергия ресурслари билан истеъмолчиларни узлуксиз таъминланишига эришиш.
Илгари олис ҳудудларимиз, ҳатто туман марказларида ҳам электр энергияси таъминотидаги узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўларди. Сўнгги йилларда соҳада олиб борилаётган туб ислоҳотлар туфайли бу муаммолар ечим топмоқда.
Лекин республикада мавжуд энергетик инфратузилманинг катта қисми жисмонан ва маънан эскирган. Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги жами 86 минг 155 километрдан ортиқ масофадаги 10 кВт кучланишли электр узатиш тармоқларининг қарийб 40 фоизи, яъни 34 минг километрли қисми 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилмоқда. Унинг 27 минг 158 километрлик қисми 25 йилдан 40 йилгача бўлган муддат оралиғида ишлатиб келиняпти. 13 минг 390 километрлик қисми тортилганига 10 йилдан 25 йилгача бўлган. Бор-йўғи, 13,5 фоизининг, яъни 11 минг 593 километр масофадаги электр тармоқларининг тортилганига 10 йилдан кам муддат бўлди.
Шунингдек, 14 минг 106 километр бўлган 6 кВт кучланишли электр узатиш тармоқларининг 5 минг 795 километри 40 йилдан ортиқ, 4 минг 205 километр қисми 25 йилдан 40 йилгача бўлган муддат оралиғида, 2 минг 186 километр қисми эса 10 йилдан 25 йилгача бўлган муддатдан бери ишлатиб келиняпти. Атиги 1 минг 919 километр қисми эса 10 йилдан кам муддат ишлаган. Бу улуш 13 фоиздан сал зиёдроқни ташкил қилади.
Бу рақамлар 0,4 киловолт кучланишга мўлжалланган 138 минг 369 километр электр узатиш тармоқларида ҳам деярли худди шундай. Яъни унинг 36,3 фоизини ташкил қилувчи 50 минг 177 километр масофадаги электр кабеллар 40 йилдан ортиқ муддат мобайнида хизмат қилиб келаётгани учун маънан ва жисмонан эскирган.
Мазкур электр тармоқларини янгилаш, тизимни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун жуда катта маблағ талаб этилади. Шу билан бирга, мавжуд 94 мингта трансформаторнинг 33 мингтаси ҳам таъмирга муҳтож. Биргина шунинг ўзи учун қўшимча 380 миллион АҚШ доллари зарур бўлади.
Магистрал газ қувурлари бўйича ҳам ҳудди шу аҳвол. Уларнинг 63 фоизи 30 йилдан кўпроқ, 29 фоизи 13 – 30 йилдан бери узлуксиз фойдаланиб келиняпти. Мавжуд қувурларнинг атиги 8 фоизи 12 йилдан камроқ вақт ишлатилган бўлиб, қониқарли ҳолатда дейиш мумкин. Бунинг оқибатида мамлакат газ инфратузилмаси ўз лойиҳа қувватининг 35-38 фоиз даражасида ишламоқда.
Энергия инфратузилманинг эскириб кетганлиги сабабли мавжуд энергия ресурсларини истеъмолчиларга етказиб бериш жараёнининг ўзида катта йўқотишларга йўл қўйилмоқда. Давлат томонидан йиллар давомида соҳани буджет ҳисобидан субсидиялаш, янги қўшилган истеъмолчилар эҳтиёжларини қондириш каби ишлар учун кўп маблағ сарфлаб борилгани туфайли инфратузилмани янгилаш ишлари анча орқада қолган.
Шу жиҳатдан, келгуси 5 йилликнинг ўзида бир неча миллиард доллар маблағ айнан эскирган воситаларни янгилаш учун ажратилиши зарурати юзага келган. Бугунги мураккаб шароитда эскирган инфратузилмани модернизациялаш орқали йўқотилаётган ресурсларни истеъмолчиларга йўналтириш шубҳасиз, энергетикадаги узилишларга барҳам беришда муҳим омил бўлади.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, электр энергияси барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, кўрилаётган таъсирчан чоралар шубҳасиз, мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлиги, пировардида эса, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, энергия ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланишимиз, барча энергия сарф-харажатларимизни доимий кузатиб боришимиз, қисқаси, тежамкорликка ўрганишимиз зарур. Зотан, дунёнинг кўплаб давлатларида электр энергия тақчиллиги кузатилаётган бир пайтда, энергия самарадорлиги ва тежамкорлигига эришиш энг устувор вазифалардан биридир.