Икки қаватли кўприк: Туркияда «1915 Чанаккале осма кўприги» битай деб қолди

Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлигининг мега лойиҳаларидан бири бўлган пойдевори 2017 йил 18 март куни қўйилган «1915 Чанаккале осма кўприги» ниҳоясига етай деб қолди.
«Чаноққалъа бўғозининг маржони» деб таърифланган лойиҳа учун Осиё томонидаги Lapseki Şekerkaya ва Европа томонидаги Gelibolu Sütlüce'даги қурилиш майдонларида 559 нафар муҳандис, 4 062 нафар ходим ва 550 та қурилиш машинаси ҳамда Транспорт ва инфратузилма вазирлиги Автомобиль йўллари бош бошқармаси мутасаддилари ишламоқда.
Лойиҳа доирасида осма кўприк, иккита ёндош виядук, иккита темир-бетон йўлак, 6 та ерости ўтказгич кўприги, 6 та гидрокўприк, 43 та ерусти ўтиш йўли, 40 та ерости ўтиш йўлаги, 236 та турли ўлчамдаги сув ўтказгичлар, 12 та чорраҳалар, 4 та автомобиль йўлларига хизмат кўрсатиш объектлари, 2 та техник хизмат кўрсатиш марказлари ва 5 та йўл ҳақи йиғиш станцияси қурилди.
Осма кўприк ва автомагистраль йўналишида қурилиш ишлари давом этмоқда. 1915 Чанаккале кўприги минора кессонлари жойлашган жойда денгиз тубини чуқурлаштириш ишлари якунланди. Минора кессон пойдеворлари жойлашган ҳудудда денгиз тубида тупроқни яхшилаш учун диаметри 2,5 метр бўлган 368 та пўлат қозиқлар ўрнатилди. Буларнинг 165 таси Осиё минорасида ва 203 таси Европа томонига ўрнатилди.
Хусусиятлари туфайли «рамзлар кўприги» сифатида танилган ва муҳандислик деталлари билан ажралиб турадиган ҳамда 2023 метрлик дунёнинг энг узун кўприги — 1915 Чанаккале кўприк лойиҳаси Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан ишлаб чиқилган.
Туркия Транспорт ва инфратузилма вазири Адил Караисмаилоғлунинг сўзларига кўра Чанаккале маржонини олишига саноқли кунлар қолди.
«Лойиҳа тугагач, 2000 метрлик ўрта масофали икки қаватли қурилган ушбу кўприк дунёдаги биринчи кўприк ўлароқ тарихга киради» деди вазир.
Низомжон Исломов тайёрлади.