ИИВ қамоқхонада ўз жонига қасд қилган 19 ёшли йигит воқеаси бўйича муносабат билдирди

ИИВ қамоқхонада ўз жонига қасд қилган 19 ёшли йигит воқеаси бўйича муносабат билдирди

Ички ишлар вазирлиги Қашқадарёдаги қамоқхонада ўз жонига қасд қилган 19 ёшли йигит воқеаси юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 22 август куни ўзини Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Эзгулик жамияти раиси деб фаолият кўрсатаётган Абдураҳмон Ташанов Facebook саҳифасида Қарши шаҳар, Шайҳали қишлоғи 35-сонли манзил колонияда 19 ёшли маҳкум Жасур Дехқонов ўз жонига қасд қилганлиги, колония ходимлари уни видеотасвирга олиб, уни изза қилиб, устидан кулганлиги, кейинчалик бу ҳолат юзасидан Қашқадарё махсус прокурори иш қўзғатганлиги ҳақидаги хабарни тарқатган.

“Бу хабар билан А.Ташанов гўёки ЖИЭМларида маҳкумларнинг ҳуқуқлари бузилиши давом этаётганлигини кўрсатмоқчи бўлганлиги аён. Бу хабарни бир нечта интернет нашрлари кўчириб олиб, А.Ташановни манба сифатида кўрсатиб, тарқатишган. Энди савол туғилади, бу хабар қанчалик ҳақиқатга мос? Нима учун мазкур хабар, мутасадди ходимлар орқали текширилмади?

Маълумот ўрнида, маҳкум, 2002 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган Ж.Дехқонов муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми, 109-моддаси 2-қисми, 112-моддаси 1-қисми билан судланган, ҳозирда 166-моддаси 2-қисми билан судланиб, 3 йилу 6 ой жазо муддатини ўтамоқда.

У, 4-минтақавий ҳудуд 35-сон манзил колониясига 2021 йилда 9-сон Тергов ҳибсхонасидан ўтказилган. Маҳкум колонияда тиббий кўрикдан ўтказилганида, «Ўтказилган бош мия жароҳатидан кейинги анамнезия» мавжудлиги аниқланиб, диспансер назоратига олинган”, дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, мутахассис психологларининг бирламчи хулосасида, маҳкум Ж.Дехқонов юкламага бебардошлиги, негатив хулққа эга экани, бошқалар билан бўлган муносабатларда ўзини бошқара олмаслиги, ахлоқ қоидаларига зид келадиган хатти-ҳаракатлар содир этишга мойиллиги, тартиб қоидаларга риоя этмаслиги, қийинчиликларга бардош бера олмаслиги, ҳиссиётини жиловлай олмасдан салбий хатти-ҳаракатлар содир этиши мумкинлиги қайд этиб ўтилган.

“Маҳкум Ж.Дехқонов жорий йилнинг 20 август куни колонияда жойлашган савдо дўконига маҳсулот харид қилиш учун кириб, у ерда бўлган икки нафар колония ходимлари билан «сенлар мени ортимдан кузатиб юрибсанларми» деб жанжал уюштирган.

Шунда у, дарҳол тартиб сақламаса, интизомий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилганидан сўнг, жазавага тушиб, дўкон олдига югуриб чиқиб, чўнтагида бўлган соқол олиш учун мўлжалланган темир бўлаги (лезвие) билан қорнини ва қўлларини 3-4 маротаба тилиб, ўзига енгил шикаст етказган. Ўзига тан жароҳатини етказиш ҳолатлари Ж.Дехқоновда илгари ҳам кузатилган”, дейилади ИИВ муносабатида.

Маҳкум Ж.Дехқоновнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиб, унга нисбатан ўрнатилган тартибда жазо чоралари кўрилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!