ИИВ гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилувчи ёшлар қайси вилоятда кўплигини айтди

Сенатнинг еттинчи ялпи мажлисида «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида сўз олган Ички ишлар вазири ўринбосари Азиз Икромов гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчи ёшлар статистикасини келтирди.
«Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, ҳозирги даврда гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилувчи 5 минг 889 нафар ёшлар ҳисобда турибди. Асосий қисми – Андижон вилоятида 1232 нафар, Фарғона вилоятида 1093 нафар ва Тошкент шаҳрида 1188 нафар. Қолган вилоятларда 500-600 нафар ёшлар ҳисобда турибди.
Ёшларимиз анъанавий гиёҳвандлик воситаларидан воз кечиб, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиши кўпаймоқда. Ёшлар ўртасида янги пайдо бўлган «Тропикамид» дори воситасини истеъмол қилиш кучаймоқда. Ёшлар бундай воситаларни истеъмол қилиши туфайли оғир турдаги жиноятларни содир этмоқда», деди вазир ўринбосари.
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Ҳожибоев наркологик муассасалардаги муаммолар ҳақида гапирди.
«Соғлиқни сақлаш тизимидаги наркологик ёрдам кўрсатиш тизими мавжуд, лекин унинг олдида бир қатор муаммолар бор.
Ҳозирги кунда мавжуд наркологик тиббиёт муассасаларида 506та нарколог-шифокор штати бўлиб, уларнинг 435таси банд. Бу 84 фоизни ташкил қилади. Кўпгина вилоятларда аҳвол бундан ҳам оғир. Навоий вилоятида нарколог-шифокорлар билан таъминланиш 33 фоиз, Сирдарё вилоятида 47,8 фоизни ташкил қилади. Бу жиддий муаммо.
Мавжуд мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти. 2020 йилнинг биринчи ярмида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида 240 нафарга яқин шифокор-нарколог, психолог ва психотерапевтлар ўз малакаларини оширган», деди вазирнинг биринчи ўринбосари.
Қонунда биринчи навбатда психоактив моддаларнинг тарқалишига ва нотиббий истеъмол қилинишига сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ижтимоий, маърифий ҳамда тиббий-психологик тадбирлар комплексини амалга ошириш кўзда тутилган.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари наркологик касалликларга чалинган, шу жумладан, ғайриижтимоий хулқ-атворга мойил шахсларни профилактик ҳисобга олишни амалга оширишда ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига кўмаклашиши белгиланган.
Қонунда наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги қарор унинг яшаш жойидаги ёки наркология муассасаси жойлашган ердаги суд томонидан йигирма кунлик муддатда, ушбу шахс ҳозирлигида қабул қилиниши кўрсатиб қўйилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти, меҳнат органлари даволаниб чиққанларни ишга жойлаштириш ҳамда маиший турмушга мослашишида кўмаклашиш ҳуқуқий мустаҳкамланди.
Қонунга кўра, давлат амбулатория ва стационар шароитларда бундай беморларга маслаҳат бериш-ташхис қўйилишини, даволашни, психопрофилактик, реабилитациявий, ижтимоий ёрдам кўрсатилишини кафолатлайди.
Наркология диспансерлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, мамлакатнинг йирик шаҳарларида республика, вилоят, шаҳар ёки туманлараро даражада мустақил даволаш-профилактика муассасалари сифатида ташкил этилиши, қолаверса, амбулатория шароитларидаги наркологик ёрдам туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари тузилмасида ташкил этилган наркология кабинетлари томонидан кўрсатилиши белгиланган.
Сенат аъзолари мазкур қонунни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилди.