Ҳизбуллоҳ ўз позицияларидан воз кечади

Ливан Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг қуролли қаноти Ливан жанубидаги аксарият ҳарбий обектларини назорат қилишни мамлакат мунтазам армиясига топширди. Бу ҳақда ташкилотга яқин манбага таяниб, АFP агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, "Литани дарёсининг жанубида жойлашган 265 позициядан 190 га яқини армияга топширилган". Бу Исроил ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги бир неча ойлик жанглардан сўнг 2024-йил ноябрида эришилган ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларини амалга ошириш доирасида амалга оширилмоқда.
Исроил-Ливан чегарасидаги тўқнашувлар 2023-йил 8-октябрда, Ғазода уруш бошланган бир пайтда бошланган. 2024-йил сентябрига келиб, улар Исроил Ливанга ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги операцияни бошлаган ҳолда кенг кўламли урушга айланди. Натижада 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди ва бутун туманлар вайрон бўлди.
Ўт очишни тўхтатиш шартларига кўра, Тел-Авив 18-февралгача ўз қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқиб кетиши керак эди, бироқ манбаларга кўра, Исроил ҳарбийлари ҳамон чегара яқинида бешта “стратегик муҳим” позицияни эгаллаб турибди.
Ўз навбатида, Ҳизбуллоҳ бўлинмалари Литани шимолига чекинди ва Ливан армияси ўз позицияларига ўтди.
Шу фонда АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили ўринбосари Морган Ортагус ўтган ҳафта Байрутда Ливан расмийлари билан Ҳизбуллоҳни қуролсизлантириш масаласини муҳокама қилди. У LBCI телеканалида сўзлаган нутқида: "Биз ҳукуматга ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш, жумладан Ҳизбуллоҳ ва барча қуролли гуруҳларни қуролсизлантириш учун босим ўтказишда давом этамиз", деди. Бу "имкон қадар тезроқ" бўлиши керак, деди у.