"Ҳалок бўлганларнинг аксарияти 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалардир"
Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига кеча 400 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.
▪️Босқинчилар Хон Юнис, Байт Лаҳия, Рафаҳ ва Жабалия лагерига ҳужум қилди. Уруш бошланганидан буён 43508 киши шаҳид бўлди.
▪️Босқинчилар Ғазо ғарбида кўчирилганлар жойлашган Фаҳд Ал-Сабаҳ мактабига ҳужум қилди, 3 киши ҳалок бўлди. Хон Юнисда ҳам одамлар бўлган чодирлар ўққа тутилди, 9 киши шаҳид бўлди.
▪️Ғарбий Соҳилда босқинчилар Рамаллаҳ, Тулкарм ва Наблусга ҳужум қилмоқда. Ал-Қассамнинг Тулкармдаги бригадалари ишғол ускунасини портлатиб юборди.
▪️ “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши 16 та ҳарбий амалиёт ўтказди. “Наср-1” ракеталари билан Стелла Марис денгиз базаси ва Ҳайфадаги аэропортга, Кармиелдаги базага ҳужум уюштирилди.
▪️Босқинчилар Байрут ва унинг чекка ҳудудларига 14 марта зарба берди. Исроил тажовузи бошланганидан бери Ливанда 3117 киши ҳалок бўлди.
▪️Босқинчилар Суриянинг Ҳалабидаги Ал-Сафира ҳудудидаги тадқиқот мажмуасини ўққа тутди.
▪️БМТ: Ғазодаги уруш қурбонларининг 70 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳалок бўлганларнинг аксарияти 5 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалардир.
▪️ЖССТ ва БМТ ҳозир очарчилик ҳукм сураётган Ғазо шимолига озиқ-овқат етказиб бериш йўлини очишга чақирди.
▪️Ирландия Жанубий Африканинг Ғазодаги геноцид бўйича Халқаро судга берган даъвосига қўшилишини билдирди.
▪️Time of Israel хабарига кўра, сулҳ бўйича музокаралар бесамар кетгани ортидан Қатар АҚШ босими остида ҲАМАС аъзоларидан мамлакатни тарк этишларини сўраган. Қатар томони ҳозирча бу хабарга муносабат билдиргани йўқ.
▪️Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трампга қўнғироқ қилиб, уни ғалабаси билан табриклади.
▪️Испания ҳукумати Исроилга қурол-яроғ ташиётганликда шубҳа қилинган иккита Maersk Seletar юк кемасининг испан бандаргоҳларига киришига рухсат бермади. ҲАМАС ушбу қарорни олқишлади.