Грузияда намойиш: фуқаролар нимадан норози?

Грузияда намойиш: фуқаролар нимадан норози?

Куни кеча Грузия парламенти биноси қаршисида яна одамлар тўпланди. Бунга мамлакат парламентида иноагентлар тўғрисидаги қонунни қабул қилиш масаласи сабаб бўлди.

РИА Новостининг ёзишича, душанба куни парламентда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришилган. Мазкур қонун “Грузия орзуси” фракцияси томонидан тақдим этилган эди.

Дастлаб, қонун лойиҳасини парламентнинг юридик масалалар бўйича қўмитаси кўриб чиқади, шундан кейин қонун биринчи ўқишдан қабул қилиниши учун навбатдаги йиғилиш чақирилади. Бироқ душанба куни эрталабдан мазкур қонун қабул қилинишига қарши фуқаролар парламент биноси олдида тўпланишган.

Акцияда нодавлат ташкилотлар ходимлари, артистлар, сиёсатчилар, талаба ва маҳаллий аҳоли вакиллари борлиги айтилади.

Хорижий давлатлар агентлари тўғрисидаги қонун лойиҳаси дастлаб “Грузия орзуси” партияси томонидан ўтган йил 7 март куни Грузия парламентига киритилган эди. Ўшанда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган. Шундан сўнг, Тбилисида оммавий норозилик намойишлари бошланиб, полиция уларни кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлар ёрдамида тарқатиб юборган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳолат юзасидан 133 киши қўлга олинган. Кейинроқ, Грузия ҳукумати мазкур қонун лойиҳасини парламентдан қайтариб олганди.

“Грузия орзуси” партияси баҳсли қонун лойиҳасини 3 апрель куни қайтадан қонунчилик палатасига тақдим этди. Бу сафар "хорижий таъсир агенти" атамаси ўрнига "хорижий куч манфаатларини кўзлайдиган ташкилот" тушунчаси қўлланилади. Қолган таркиб ўзгаришсиз қолади. Бундан ташқари, "хорижий кучлар манфаатларини" кўзлаётган барча ташкилотлар давлат реестрида рўйхатга олиниши керак бўлади.

Норозилик билдираётган фуқароларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳаси Россияда қабул қилинган қонун билан бир хил, шу боис улар ҳужжатни қайтариб олишни талаб қилмоқда.

Ҳатто, мазкур қонун лойиҳаси устидан парламентда депутатлар орасида муштлашув содир этилгани парламент сайтида намойиш қилинди.

-Биз ушбу қонуннинг қабул қилинишига йўл қўймаслигимиз керак. Кимда-ким Грузияни яхши кўрса, кўчага чиқсин”, — деб баёнот берган мухолифатдаги “Фуқаролар” партияси етакчиси Алеко Элисашвили воқеадан сўнг журналистлар билан учрашувда.

Грузия Ички ишлар вазирлиги намойишчиларга полицияга қаршилик кўрсатмасликка чақирди ва акс ҳолда куч ишлатиши ҳақида огоҳлантирган.

Мазкур қонуннинг қабул қилинишига Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳам қарши эканини билдирди. Президент ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Хорижий агентликлар тўғрисида”ги қонунга қарши намойишларни қўллаб-қувватлаб, “Тбилисида фуқаролик жамиятининг тинч оммавий намойиши... Грузия таслим бўлмайди!”, деб ёзди.

Воқеалар ривожи қандай кечади, ҳозирча номаълум. Бироқ сўнгги хабарларга қараганда, парламентнинг юридик масалалар бўйича қўмитаси душанба куни кечқурун қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлагани айтилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!