Германия ва Франция Трампнинг таҳдидларига муносабат билдирди
Германия ва Франция 8 январь куни Дональд Трампни “суверен чегаралар”га таҳдид солишдан огоҳлантирди. Бу огоҳлантириш АҚШнинг сайланган президенти Гренландияни ҳарбий йўл билан эгаллаш имкониятини рад этмаганидан сўнг эълон қилинди.
Германия канцлери Олаф Шольцнинг таъкидлашича, чегараларнинг бузилмаслиги принципи “ҳар бир мамлакатга, у шарқда ёки ғарбда жойлашганидан қатъи назар, татбиқ этилади”. Бу тамойилга ҳар бир давлат, “кичик ёки қудратли бўлишидан қатъи назар”, риоя қилиши керак.
Германия ҳукуматининг расмий вакили Штеффен Хебештрайт ҳам ”чегаралар куч билан кўчирилмаслиги керак” деган “қатъий тамойил” амал қилишини эслатди.
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барронинг таъкидлашича, Европа иттифоқи “бошқа мамлакатларга, улар ким бўлишидан қатъи назар, ўз суверен чегараларига ҳужум қилишга рухсат бермайди”.
Агар сиз мендан “АҚШ Гренландияга бостириб киришни режалаштиряптими?” деб сўрасангиз, жавоб салбий бўлади, деди у.
Вазир, шунингдек, “энг кучлининг қонуни” қайтадиган давр бошланганини таъкидлади
“Биз уйғонишимиз ва ҳарбий жиҳатдан ўзимизни мустаҳкамлашимиз керак”, деди Барро.
У Қўшма Штатларни “табиатан империалистик эмас” деб атади. Бироқ Франция ҳукумати вакили Софи Примас Трампнинг изоҳларида “империализм шакли” борлигини айтди.
Франция ташқи ишлар вазири Гренландияни Европа ҳудудига тегишли эканини айтди. Қайд этилишича, Дания қироллигига қарашли бўлган Гренландия 1985 йилда автономия олганидан сўнг Европа иттифоқидан чиқиб кетган.