Бразилия суди “Apple” ва “Google” компанияларини $3 млн миқдорида жаримага тортди
Бразилия суди “Apple” ва “Google” компанияларига 19 млн Бразилия реали (таҳминан $3 млнда ортиқ) миқдорида жарима солиш тўғрисида қарор чиқарган. Бу ҳақда “UOL” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, иккала компания ҳам “FaceApp” иловасининг тарқатилиши учун жавобгар деб топилган. Бу илова эса ўз навбатида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний йиғишда айбланмоқда.
Бразилия қонунчилигига кўра, платформалар одамларнинг розилигисиз оммавий ва нотўғри тарзда шахсий маълумотларни тўплаш ҳуқуқига эга эмас. “FaceApp” ушбу қонунни бузишдан ташқари, илова португал тилида фойдаланиш шартлари ва махфийлик сиёсатини ҳам тақдим этмайди.
Жаримадан ташқари, “Apple” ва “Google” ҳар бир Бразилия фуқаросига 500 реал (тахминан $81,29) миқдорида товон тўлашга мажбур. Бунда 2020 йил июнь ойидан бошлаб иловани ўрнатган ва ундан фойдаланиб келган барча бразилияликлар бу тўловга даъвогар бўлиши мумкин.
Ҳозирги вақтда “Apple” ва “Google” суд қарори бўйича апелляция бериш имкониятига эга, агар суд ишида ютқазсалар, Бразилия аҳолиси тахминан 220 млн киши эканлигини ҳисобга олган ҳолда, улар миллиардлаб доллар тўлашга мажбур бўлади.
Бироқ, иккала корпорация ҳам суднинг ушбу қарорларига қарши чиқиб, улар “ФаcеАпп"дан фойдаланиш шартлари ва махфийлик сиёсатини назорат қилмаётганини” таъкидлашмоқда.
“Apple” эса ўз навбатида, маълумотлар халқаро қонунчиликка мувофиқ тўпланганлиги сабабли, “ФаcеАпп"дан фойдаланиш шартлари учун жавобгар эмаслигини қўшимча қилмоқда.
Ўз навбатида, Бразилия суди бошқача фикрда бўлиб, иккала компания ҳам “FaceApp” ишлаши учун инфратузилма ва шароитларни таъминлаш орқали истеъмолчилар занжирида фаол роль ўйнайди деб таъкидламоқда.