Канадада Ўзбекистон бош консулхонаси очилиши мумкин
Ўзбекистонда Канада, Бразилия ва Америка қитъасининг бошқа етакчи давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бу жамоатчилик муҳокамасига қўйилган 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида назарда тутилган.
Хусусан, лойиҳада Канадада Ўзбекистон бош консулхонасини очиш масаласини ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.
Канаданинг Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчиси Алан Хэмсон ҳисобланади. Ўзбекистоннинг АҚШ, Бразилия ва Канададаги элчиси Фурқат Сидиқовдир.
Бундан ташқари, Канада, Бразилия ва Куба билан сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раундларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бошқа таклифлар қаторида Бразилия, Канада, Аргентина ва бошқа етакчи давлатларнинг салоҳиятли компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва турли иқтисодий тадбирларни ташкил этиш мавжуд.
Шунингдек, Куба билан соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳада Лотин Америкасидаги қишлоқ хўжалиги ривожланган мамлакатларнинг тегишли вазирликлари ва давлат органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашиш таклиф этилмоқда.
Давлат дастури лойиҳасига кўра, маданият ва спорт соҳасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ва Лотин Америкаси мамлакатларида ўтказиладиган турли тадбир ва фестивалларда маданият ва спорт соҳаси вакилларининг иштирокини таъминлаш режалаштирилган.
Ушбу вазифаларнинг барчасини 2025 йил якунига қадар амалга ошириш таклиф этилмоқда.