Ғазо можароси Исроилга қимматга тушмоқда: ЕИ ва Лондон савдо келишувларини қайта кўриб чиқмоқда

Европа Иттифоқи ва Буюк Британия Исроил билан савдо муносабатлари қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.
Евроиттифоқнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас иттифоқнинг Исроилга савдо имтиёзлари берадиган Ассосиация битими қайта кўриб чиқилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ЕИ мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг Брюсселда ўтган йиғилишида Нидерландия Евроиттифоқ ва Исроил ўртасидаги мазкур битимни қайта кўриб чиқишни таклиф этган.
Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп Кая Калласга йўллаган мактубида "Ғазо секторининг блокадаси халқаро гуманитар ҳуқуқни бузиши ва шу билан Евроиттифоқ-Исроил Ассосиация битимининг 2-моддасига хилоф" эканини билдирди. 2000 йилда кучга кирган ушбу битимнинг 2-моддаси ҳамкорликни "инсон ҳуқуқлари ва халқааро ҳуқуққа садоқат" билан боғлайди.
Ассосиация битимини қайта кўриб чиқишни ҳозирча иттифоқнинг 17 давлати очиқ қўллади: Нидерландия, Франция, Ирландия, Швесия, Испания, Белгия, Португалия, Финландия, Словения, Люксембург ва бошқалар. Германия, Италия, Венгрия, Греция ва яна бир неча давлат эса қарши чиққан. Швеция ташқи ишлар вазири санкцияларни Исроилнинг айрим амалдорларига нисбатан илгари суришни ҳам қўллаб-қувватлашини билдирган.
Бундан ташқари, Буюк Британия Исроил билан янги эркин савдо битими бўйича музокараларни тўхтатди. Мамлакат ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Исроил ҳукумати Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги аянчли сиёсатни давом эттираётган бир пайтда, мавжуд савдо битимини янгилаш бўйича музокараларни давом эттириш мумкин эмаслигини айтди.
"Биз четда туриб, вазият ёмонлашувини томоша қила олмаймиз. Бу икки томонлама муносабатларимизга асос бўлган принсипларга ва Британия халқи қадриятларига зид келади. Шу боис, бугун мен Нетаняҳу ҳукумати билан янги эркин савдо битими бўйича музокараларни тўхтатганимизни эълон қиламан. Бу қарор Исроил ҳукуматининг ҳаракатлари туфайли заруратга айланди. Тарих уларни баҳолайди. Ёрдамни тўсиш. Урушни кенгайтириш. Дўстларингиз ва ҳамкорларингиз хавотирини инкор этиш – буларни оқлаб бўлмайди. Бу тўхтатилиши керак", — деди Буюк Британия ТИВ раҳбари парламентдаги нутқида.