Футбол: 2024 йилги мавсумда терма жамоаларимизни қандай муҳим мусобоқалар кутмоқда?

Футбол: 2024 йилги мавсумда терма жамоаларимизни қандай муҳим мусобоқалар кутмоқда?

2024 йил футбол мавсумида мамлакатимиз ҳамда қитъа футболида қандай муҳим мусобақалар ўтказилиши кўпчилик мухлисларни қизиқтириши табиий. Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати куни кеча йил мобайнида бизни кутиб турган муҳим мусобақалар тафсилоти хусусидаги маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, терма жамоамиз жорий йилнинг 12 январь – 10 февраль кунлари Қатар яшил майдонларида ўтадиган Осиё кубоги баҳслари билан 2024 йил футбол мавсумини бошлайди.

Миллий терма жамоамиз қитъа кубогининг дастлабки ўйинларини “B” гуруҳида Сурия, Ҳиндистон, Австралия жамоаларига қарши ўйинлар билан бошлайди.

"В" гуруҳи тақвими:

13 январь. Ўзбекистон - Сурия

18 январь. Ҳиндистон - Ўзбекистон

23 январь. Австралия - Ўзбекистон

Шунингдек, Қатарда 15 апрель – 3 май кунлари ўтадиган U23 Осиё кубоги баҳслари ҳам мамлакатимиз футбол ишқибозларининг диққат марказидаги баҳслар сирасига кирадики, унда ҳамюртларимиз “D” гуруҳида “Париж-2024” Олимпиадаси йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Айтиш лозим, мазкур мусобақада дастлабки 3 та ўринни эгаллаган жамоалар “Париж-2024” йўлланмасини қўлга киритса, 4-ўриндан жой олган жамоа Африканинг тўртинчи жамоаси (Гвинея) билан плей-офф босқичида рўбарў келади.

"D" гуруҳи тақвими:

17 апрель. Ўзбекистон - Малайзия

20 апрель. Қувайт - Ўзбекистон

23 апрель. Ўзбекистон – Вьетнам

“Париж-2024” Олимпиадаси учун аёллар футболида ўтказилган ўтган йилги мусобақалар мамлакатимиз футболчи қизлари учун ҳар жиҳатдан омадли келди. Ҳамюртларимиз Олимпия ўйинларига саралашнинг биринчи ва иккинчи босқичларидан муваффақиятли ўтган ҳолда Франция яшил майдонлари “остонасига” Жанубий Корея, Япония ва Австралия жамоалари сингари жуда яқин келди.

Энди мамлакатимиз аёллар жамоаси австралиялик футболчи қизлар билан Осиё қитъси учун белгиланган 2 та йўлланманинг биттаси учун кураш олиб борса, иккинчи гуруҳда Япония ва Жанубий Корея футболчи қизлари Олимпиаданинг иккинчи чиптаси учун курашга киришади.

“Париж-2024” саралаш босқичи (аёллар):

24 февраль. Ўзбекистон - Австралия

28 февраль. Австралия - Ўзбекистон

Ушбу икки жамоадан бири жорий йилнинг 24 июль - 10 август кунлари оралиғида бўлиб ўтадиган “Париж-2024” Олимпиадасининг аёллар футбол баҳсларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Эътиборли жиҳати, мамлакатимиз аёллар футбол жамоаси ўз тарихида илк бор тўрт йилликнинг нуфузли мусобақаларида иштирок этиш имконига эга бўлиб турибди.

Сречко Катанец бош мураббийлигидаги мамлакатимиз миллий терма жамоасини жорий йил давомида муҳим учрашувлар кутиб турибдики, бу Ўзбекистон футболининг жаҳон чемпионатлари чорраҳасидаги бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин.

Миллий терма жамоамиз айнан жорий йилдан Жаҳон чемпионати –2026 саралаш босқичларида иштирокини давом эттиради. Футболчиларимиз “ЖЧ-2026” доирасида Осиёдаги 2 ва 3-саралаш босқичларида қатнашади.

2-саралаш босқичида "Е" гуруҳида қолган ўйинларимиз:

21 март. Гонконг - Ўзбекистон

26 март. Ўзбекистон - Гонконг

6 июнь. Ўзбекистон - Туркманистон

11 июнь. Эрон - Ўзбекистон.

3-саралаш босқичи ўйинлари 5 сентябрдан бошланади. Ортда қолган 2023 йил мамлакатимиз футбол клублари учун омадли келганини таъкидламоқ лозим.

Наманганнинг “Навбаҳор” ва Қаршининг “Насаф” жамоалари ўтган йил давомида Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичларида ўзбек футболининг қитъадаги мавқеини муносиб тарзда намойиш этди. Уларнинг ўтказилган баҳсларда муваффақиятли иштирок этгани миллионлаб футбол ишқибозларига ғурур бағишлагани бор гап.

Хўш, 2024 йил давомида ҳар икки жамоанинг Осиё чемпионлар лигасидаги иштироки қандай бўлади? Ўйинлар қайси саналарда ўтказилади?

ОЧЛ-2023/2024. Плей-офф босқичи.

Дастлабки ўйинлар. 12-13 февраль

"Насаф" - "Ал-Айн" (БАА)

"Навбаҳор" - "Ал-Иттиҳод" (Саудия Арабистони)

Жавоб ўйинлари. 19-20 февраль

"Ал-Айн" (БАА) - "Насаф"

"Ал-Иттиҳод" (Саудия Арабистони) - "Навбаҳор"

Умид қиламизки, ўзбек футболининг жозибали ўйин услубини яратишга интилаётган ҳар икки жамоамиз Осиё чемпионлар лигасида ғалабали одимини давом эттирган ҳолда, 4-5 март ва 11-12 март кунлари ўтадиган чорак финал учрашувларида қатнашиш бахтига муяссар бўлади. 16 ва 23 апрель кунларидаги ярим финал ва май ойида бўладиган финал баҳсларида майдонга тушиш ҳуқуқига эга чиқади.

Умуман олганда, 2024 йил футбол мавсуми “миллионлар ўйини”нинг ишқибозлари учун ҳар қачонгидан ҳам завқли ўтиши мусобақалар, учрашувлар мундарижасида ҳам ўз аксини топмоқда.

Бошланган 2024 йилнинг 13 январь – 11 февраль кунлари Кот-д'Ивуарда кечадиган Африка миллатлар лигаси ўйинлари, 14 июнь – 14 июль Германия яшил майдонларида ўтадиган Европа чемпионати, 20 июнь – 14 июнь кунлари Америка қитъаси кубоги ўйинлари, юртимизда ўтадиган Ўзбекистон миллий чемпионатлари ва бошқа мусобақалар футбол ишқибозларини қувонтириши тайин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!