“Фуқаролар ўз дини таълимотларини ўрганиш ҳуқуқига эга” – Мусулмонлар идораси “тарқатиш мумкин бўлган” манбаларни эълон қилди

“Фуқаролар ўз дини таълимотларини ўрганиш ҳуқуқига эга” – Мусулмонлар идораси “тарқатиш мумкин бўлган” манбаларни эълон қилди

Мусулмонлар идораси “жума табриги ва оят ва ҳадисларни, ўзбекистонлик уламолар ва имомларнинг маърузаларини ҳам тарқатиш” мумкин эмас, деган мазмунида тарқалаётган огоҳлантиришларни асоссиз ва ёлғон, деб атади. Шунингдек, муфтият мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин бўлган расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалар рўйхатини тақдим қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бу мазмундаги хабарларни “асоссиз ҳамда ваҳима уйғотувчи ёлғон” эканлигини билдириб, аҳолини саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш жавобгарлик келтириб чиқаришини маълум қилди.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунга асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.

Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ”, — дейилади идора баёнотида.

Мусулмонлар идораси баёнотига “расмий ва етакчи” электрон манбалар рўйхати ҳавола қилинган ҳамда ўзбекистонликлар ушбу тармоқлардаги барча диний-маърифий маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкинлиги таъкидланган.

Шунингдек, идора ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан интернетда маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётгани таъкидланган.

Мусулмонлар идораси эслатма ўрнида, бузғунчи оқимлар ўз ғояларини жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринаётгани, шу сабабли экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан тақиқланишини маълум қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!