“Фориш” полигонида “АрМИ-2022” халқаро армия ўйинлари мусобақаларига старт берилди

“Фориш” полигонида “АрМИ-2022” халқаро армия ўйинлари мусобақаларига старт берилди

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида “АрМИ—2022” VIII Халқаро армия ўйинларининг Ўзбекистон мезбонлик қилаётган “Қуролсоз уста”, “Хавфсиз муҳит” ва “Дала ошхонаси” мусобақаларига бугун, 15 август куни старт берилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар берди.

Вазирлик томонидан респулика ОАВ вакиллари учун “Фориш” полигонида яратилган шароитлар билан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди. Шунингдек, Халқаро армия ўйинлари ҳакамлари иштирокида матбуот анжумани ҳам ташкил этилиб, унда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга спикерлардан тўлиқ маълумотлар олдилар.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари полигонда мусобақа иштирокчилари учун яратилган шароитлар билан танишди. Шу билан бирга, “Дала ошхонаси” мусобақаси ўтказиладиган ҳудудда бўлиб, турли давлатлардан келган ҳарбий ошпазларнинг маҳоратларини кузатди.

Кечки соат 19:00 да полигон саф майдонида “АрМИ—2022” халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон мезбонлик қилаётган мусобақаларнинг тантанали очилиш маросими бошланди.

Унда Мудофаа вазирлиги ва иштирокчи давлатлар масъуллари, сенаторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар ва ёшлар, журналистлар ва блогерлар иштирок этди.

“Фориш” полигонида “АрМИ-2022” халқаро армия ўйинлари мусобақаларига старт берилди“Фориш” полигонида “АрМИ-2022” халқаро армия ўйинлари мусобақаларига старт берилдиМудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестрининг кўргазмали дефилеси, таниқли бадиий жамоалар ва санъаткорлар ижросидаги катта концерт дастури ҳамда турли халқлар маданиятини ифода этувчи бадиий чиқишлар намойиш қилинди. Қуролли Кучлар академияси курсантлари қурол билан кўргазмали чиқишларни ижро этди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоалари бу йил мазкур VIII Халқаро армия ўйинларининг 20 та йўналишида иштирок этяпти. 34 та йўналишни қамраб олган мусобақаларда 37 та давлатдан 257 та жамоа ўзаро беллашишади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил халқаро армия ўйинларида 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси ўзаро куч синашган бўлиб, унда мамлакатимиз жамоалари 24 йўналишда иштирок этган. Умумий натижаларга кўра мамлакатимиз жамоалари 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаган, шунингдек, жами 37 та рекорд натижадан 10 тасини юртимиз ҳарбий хизматчилари янгилаган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!