Европада жорий мавсум энг кўп очко жамғарган клубларни биласизми?

Европада жорий мавсум энг кўп очко жамғарган клубларни биласизми?

"Бавария", "Манчестер Сити", "Ливерпуль" ва "ПСЖ" каби клублар 2023/24 йилги мавсумда энг кўп очкога эга жамоалар сирасига кирмайди. Кучли бешлик чемпионатларида кутилмаган жамоалар етакчилар қаторига қўшилгани, барчани қойил қолдирмоқда. Мавсум охирига қадар бу тенденсия сақланиб қоладими ёки йўқ, бу бошқа масала. Қуйида жорий мавсумнинг энг яхши очкога эга бешта клубини билиб оласиз.

5. "Байер Леверкузен" – 49 очко

Бундеслигада янги етакчи пайдо бўлганини ҳамма билади. "Байер" учун бундай натижага эришиш осон бўлаётгани йўқ. Хаби Алонсо бошчилигидаги жамоа 19 та баҳсда 49 очко жамғариб, айни дамда турнир жадвали пешқадами бўлиб турибди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, "Байер Леверкузен" ҳали бирор ўйинда мағлубият қайд этмади. Бу клуб ҳар бир ўйинда ўртача 2.58 очко жамғармоқда ва бу кўрсаткич ҳам Европадаги энг юқорисидир.

4. "Ювентус" – 53 очко

Аллегри футбол оммасига ўз фалсафаси ҳалиям тирик ва у ишлашини яна бир бор кўрсатиб қўя олди. Туринликларга бу мавсумда еврокубокларнинг йўқ экани ҳам фойда бермоқда. "Ювентус" ҳозирга қадар 22 та ўйиннинг 16 тасини ғалаба, 5 тасини дуранг ва фақат биттасини мағлубият билан якунлади. Шу кетишда "Кекса синьора" яна эски даврлардаги каби чемпионлик шохсупасига чиқа олади.

3. "Реал Мадрид" – 54 очко

Карло Анчелотти шогирдлари мавсумнинг ҳозирги қисмига қадар аллақачон ўз рақиблари бўлмиш "Атлетико" ҳамда "Барселона"дан етарлича ўзиб кетишга улгурди. Кутилмаган рақибни ҳисобга олмаганда, ҳозир мадридликлар билан ҳаммаси жойида. "Реал" етакчидан бир очко ортда. Аммо уларнинг қўлида битта захира ўйини бор. Қисқа қилиб айтганда, чемпионлик ва жамоа тақдири фақатгина "қаймоқрангликлар"нинг ўз қӯлида.

2. "Интер" – 54 очко

Ўтган мавсумни ЕЧЛ финалчиси сифатида якунлаган "Интер" бу мавсумда янада яхшироқ бўлишга интилмоқда. Ҳар қандай ўлчовларда Инзаги шогирдларининг иши беш. Европада фақатгина "Жирона" ва "Бавария" "Интер"дан кўп гол ура олган холос. Кам гол ўтказиш борасида эса "Интер"га етадигани йўқ. Жамоа марказий ҳужумчиси Лаутаро Мартинес жорий мавсумда 19 та баҳсда майдонга тушиб, 19 та голга муаллифлик қилди.

1. "Жирона" – 55 очко

Агарда сизга кимдир бундан олти ой олдин Ла-Лиганинг етакчиси феврал ойида ҳам "Жирона" бўлади деса, сиз унинг устидан кулган бўлардингиз. Ҳа, "Барса" ва "Атлетико" муаммоли жамоаларга айланиб қолган. Аммо "Реал" билан курашиш, осон эмас. Буни ҳамма яхши билади. 22 та баҳсда 55 очко тўплаш ҳам ҳаммага эмас. Шу кетишда каталонияликлар мавсум охирида 95 очко тўплай олади. Бу эса 2009-2013 йиллардаги "Барса" ва "Реал"дан яхшироқдир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!