Европа Иттифоқи Украина донининг импортига қўйилган чекловларни узайтирди

Европа Иттифоқи Украина донининг импортига қўйилган чекловларни узайтирди

Европа Иттифоқи унга аъзо бешта давлат учун Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини олиб киришнинг вақтинчалик тақиқини жорий йилнинг 15 сентябригача узайтирди. Бу ҳақда кеча, 5 июнь куни Еврокомиссия сайтида эълон қилинган хабарда айтилди.

Эслатиб ўтамиз, 2 май куни Брюссел Украина таъминоти туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг пасайишидан норози бўлган ўз фермерларини қўллаб-қувватлаш чораси сифатида Украинадан Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакияга буғдой, маккажўхори, колза ҳамда кунгабоқар уруғларини импорт қилишни вақтинчалик тақиқлаган эди.

Европа Иттифоқи 15 сентябргача барча чекловларни олиб ташлаш ниятида эканлигини маълум қилди, аммо ҳозир улар "алоҳида ҳолатлар", жумладан, логистика қийинчиликлари ва сақлаш ҳажмининг етишмаслиги туфайли талаб қилинади.

Шу билан бирга, чора-тадбирлар “Европа Иттифоқининг Украинани қўллаб-қувватлаш ва дунёни озиқ-овқат билан таъминлаш учун муҳим бўлган ғаллани экспорт қилиш қобилиятини сақлаб қолиш бўйича қатъий мажбуриятига мос келади”, дейилади Брюссел баёнотида.

Хабарга кўра, узоқ вақт давомида Қора денгиз портлари орқали дон экспорт қилиш имкониятидан маҳрум бўлган украиналик фермерлар Европа Иттифоқи чекловларини ўта танқидий баҳолаб, уларни бекор қилишни талаб қилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!