Эстония Россия билан чегарани миналаштирмоқчи

Эстония уруш юз бергудек бўлса, Россия билан чегара миналар ўрнатади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа кучлари муҳандислик қўшинлари вакили Айнар Афанасев маълум қилди.
Қайд этилишича, Эстония бу турдаги қуроллардан фойдаланишни бевосита тақиқловчи Оттава конвенциясидан чиқади. «Инқирозли вазиятда портловчи воситалар ва миналардан фойдаланиш керак, шунингдек, кўприк ва қувурларни вайрон қилиш чоралари ҳам кўзда тутилган. Тинчлик даврида бу каби чоралар қўлланмайди», — дейди Афанасев.
Эстония мудофаа чизиғини қуришга жорий йилдан киришади. 14 та бункердан иборат биринчи таянч пункти Россия билан шимоли-шарқий чегарада пайдо бўлади, яна тўртта бункер жануби-шарқий йўналишда ўрнатилади. Ҳимоя иншоотлари 152 миллиметрли снарядга бардош бериши кўзда тутилган. Афанасевнинг аниқлик киритишича, иккита бункер бу турдаги синовлардан муваффақиятли ўтган. Умумий ҳисобда мудофаа чизиғи бўйлаб 600 та панагоҳ бўлади ва улар нафақат давлат, балки хусусий ерларга ҳам жойлаштирилади.
Таъкидланишича, бункерларни ўрнатишда «дрон кириб олишига йўл қўймайдиган махсус тўрлар ва бошқа воситалар қўлланган ҳолда» Украинанинг уруш тажрибасидан фойдаланилади.
«Россия Эстония хавфсизлиги учун энг катта таҳдид ва шундай бўлиб қолади. Украинадаги уруш унинг ҳужум кучини пасайтирди, аммо турли ҳисоб-китобларга кўра, у икки-уч йилда ўзини қайта тиклаб олиши мумкин. Биз тайёр туришимиз ва Эстонияга ҳужум имкон қадар қимматга тушадиган қилишимиз керак», — дейди Мудофаа вазирлиги вице-канцлери маслаҳатчиси Кайдо Тийтус.