Тошкентда сув дипломатияси бўйича халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади

Жорий йил 10 апрель куни Тошкентда “Марказий Осиёда сув дипломатияси: барқарор ривожланиш йўлида ишонч, мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети ҳамда Fridrix Ebert номидаги жамғарма, Сув ресурсларини бошқариш халқаро институти, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти кўмагида ташкил этмоқда.
Ушбу ноёб платформа 10 дан ортиқ мамлакатдан 100 дан зиёд иштирокчиларни бирлаштиради ва илк бор Орол денгизи ҳавзасига ёндош давлатлар, жумладан, Марказий Осиё, Афғонистон стратегик институтлари, сув хўжалиги идоралари экспертларини ҳамда Осиё, Европа, МДҲ давлатлари мутахассисларини бир ерга тўплайди.
Анжуманда Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналар вакиллари, 15 га яқин халқаро ва минтақавий ташкилотлар делегациялари, жумладан, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, БМТнинг Афғонистонга кўмак кўрсатиш бўйича миссиясини, Марказий Осиё минтақавий экологик маркази, Давлатлараро сув хўжалиги мувофиқлаштириш комиссиясининг илмий-ахборот маркази, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқалар иштирок этади.
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда сув соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг самарали моделини илгари суришнинг энг муҳим воситасига айланиб бораётган сув дипломатияси тадбир иштирокчилари диққат марказида бўлади. Шу муносабат билан мазкур ҳамкорлик йўналишини кенгайтириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида қизиқарли мунозаралар ҳамда самарали фикр алмашишлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Конференция Марказий Осиё мамлакатларининг сув дипломатияси концептуал асосларини ишлаб чиқишга муҳим ҳисса қўшиб, минтақа давлатларининг халқаро сув ҳамкорлиги кун тартибини шакллантиришдаги фаол иштирокчи сифатидаги мавқейини мустаҳкамлайди.
Форум “ТИҚХММИ” Миллий тадқиқот университетининг 90 йиллигини нишонлаш доирасида ўтказилади. Унда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатдан келган 300 га яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этмоқда.