Эру хотин ўртасида муҳаббат бўлмаса, ажрашиш керакми?

Эру хотин ўртасида муҳаббат бўлмаса, ажрашиш керакми?

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилади:

“Бир киши Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб деди:

– Эй мўъминлар амири! Мен хотинимни талоқ қилмоқчиман.

Умар розияллоҳу анҳу:

– Нега? – дедилар.

У киши:

– Чунки мен уни севмайман, – деди.

Умар розияллоҳу анҳу:

– Ҳамма уйлар муҳаббат асосига қуриладими?! Мурувват қани? Ҳимоят қани? – дедилар.   

Бир киши хотинидан қасам ичдириб сўради:

– Аллоҳ номи билан сўрайман, мени севасанми?

Хотин деди:

– Менга қасам ичдирдинг. Ростини айтмасам бўлмайди. Сени яхши кўрмайман!

У киши Умар розиялоҳу анҳунинг ҳузурларига хотинидан шикоят қилиб борди. Умар розияллоҳу анҳу унинг хотинини чақиртириб дедилар:

– Эрига севмайман, деган аёл сенмисан?

Хотин деди:

– У менга қасам ичирди. Ёлғон айтишим керакмиди?!

Умар розияллоҳу анҳу дедилар:

– Ҳа, ёлғон айтишинг керак эди. Сиздан бирингиз эрини ёқтирмаса, уни эрига айтмасин. Чунки муҳаббат устига бино қилинган уйлар жуда оздир. Аммо инсонлар бир-бирлари билан ислом ва эҳсон асосида муносабатда бўлишади!

Бу икки ҳикояни муҳаббатнинг ўрни йўқлигига, ёки уни камситиш учун далил қилинмайди. Бу ерда бунга ўрин йўқ. Муҳаббат эр-хотиннинг ўртасини мустаҳкамловчи омил эканлигига ақлли инсон шак қилмайди. Бу ҳикояларни тиғ суякка қадалса, муҳаббат йўқлиги баҳонасида оила бузилиш ёқасига келиб қолса, далил қилинади.

Уйларнинг қоим бўлиши ва никоҳнинг бардавомлиги фақатгина муҳаббат билан бўлмайди. Агар хотинига нисбатан қалбида Мажнуннинг Лайлога бўлган муҳаббати каби муҳаббати йўқ кишилар ажралиб кетаверганида жамиятда бармоқ билан санарли оилаларгина қолган бўлар эди. Агар эрига нисбатан Иззатнинг Кусаййирга бўлган муҳаббати каби муҳаббати бўлмаган аёллар эридан ажралиб кетаверганида шаҳарда футбол майдонидаги ўйинчилар сони миқдорида оила қолган бўлар эди. Аммо уйлар қоим турибди. Ҳаёт  давом этаяпти. Зеро, дунёда хонадонлар қоим туриши учун қалбдан бошқа ҳам лозим бўлган нарсалар бисёр. 

Ислом бекордан-бекорга оила ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш ва икки томонни хурсанд қилиш учун ёлғон гапиришга рухсат бергани йўқ. Буюк ислом эрнинг ўз хотинига “гўзал эмассан” дейишини гарчи гапи рост бўлсада, ростгўйлик эмас, пишмаганлик деб билади. Хотиннинг гарчи ҳақ бўлсада ўз эрини унинг шаънини ерга уриш учун бошқа эркакларга солиштиришини ёмон хулқ дейди.

Оила муҳаббат асосида қурилса бош устига, бу яхши иш бўлади. Борди-ю муҳаббат йўқ бўлса, у билан бирга эҳтиром ҳам, ахлоқ ҳам йўқолиши ва уйда уруш тегирмони айланиши керак эмас. Ҳаёт турк сериали эмаски, унда ҳар кеча стол устида романтик шамлар ёқиб қўйилса. Ҳаёт бу севги ҳақидаги роман эмаски, унда севишганлар бир-бирига етиша олмаса, роман зерикарли ва бир хил бўлиб қолса... Ҳаёт, бу – воқелик.

Шифти муҳаббат, деворлари ишқ ва анжомлари меҳр бўлган оила энг гўзал оиладир. Муҳаббат ризқнинг энг гўзалидир. Саййидимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳадича онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида: “У шундай аёлки, мен унинг муҳаббати ила ризқландим”, деганлар. Муҳаббат йўқ бўлса, эҳтиромнинг ҳам йўқ бўлишини оқлаб бўлмайди. Муҳаббат оз бўлса, бу ҳаёт тугади дегани эмас! 

Ҳаётда шунақа йўллар борки, биз уни эмас, у бизни танлайди. Бизнинг гарданимизга у йўлда ўнқир-чўнқирлар, чуқурлар бўлса-да, унинг охиригача бориш вазифаси турибди. Гоҳида мушкулот билан бирга яшаш ўша мушкулотнинг ечими ҳисобланади!

А.Самарқандий

Manba: Azon.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!