Эпштейн ишида янги суратлар пайдо бўлди
АҚШ Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси таркибидаги демократ аъзолар Жеффри Эпштейннинг мулкидан олинган 19 та фотосуратни эълон қилди. Эпштейн жинсий характердаги жиноятлар ва педофилия учун судланган, 2019 йил августида эса қамоқхонада жонига қасд қилган.
Эълон қилинган суратларда АҚШ президенти Доналд Трамп, собиқ президент Билл Клинтон, Microsoft асосчиси Билл Гейтс, шаҳзода Эндрю Виндзор, актёр-режиссёр Вуди Аллен ва бошқа машҳурлар ҳам бор.
Конгрессмен Роберт Гарция Эпштейннинг фотоархиви 95 мингдан ортиқ суратдан иборат эканини айтиб, демократлар уларнинг барчасини ўрганиш ниятида эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, янги материаллар «яқин кунлар ва ҳафталар давомида» босқичма-босқич эълон қилинади.
Бу фотосуратлар АҚШ Адлия вазирлиги 19 декабргача ошкор қилиши лозим бўлган «Эпштейн файллари» таркибига кирмайди.
BBC нашрининг ёзишича, Билл Гейтс ва собиқ шаҳзода Эндрю туширилган сурат, эҳтимол, Getty Images фотоагентлиги архивидан олинган ва асл тасвирнинг кесилган вариантидир. Тўлиқ версияда ҳозирги қирол Чарлз III ҳам бор.
Оқ уй ҳам фотосуратлар эълон қилингач, уларнинг «сохта нарратив яратиш учун махсус танлаб олингани»ни билдирди.
Шунга қарамай, демократлар фикрича, бундай шов-шувли ишда ҳар қандай детал муҳим. «Америка халқи бутун ҳақиқатни билмагунча биз тўхтамаймиз. Адлия вазирлиги барча файлларни дарҳол эълон қилиши шарт», деди Роберт Гарция.
