Электромобиль станцияларининг тармоқдан узилганига изоҳ берилди
Ўзбекистонда электромобилларни қувватлантириш станциялари учун алоҳида тарифлар жорий этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда кеча, 2 январь куни Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, истеъмол кўп бўладиган эрталабки соат 6:00 дан 10:00 гача ҳамда кечки соат 17:00 дан 22:00 гача бўлган вақт оралиғида зарядлаш станциялари учун нисбатан оширилган тариф, тунги вақтда эса 50 фоизгача арзонлаштирилган тариф қўлланиши мўлжалланмоқда.
Тиғиз вақтларда тариф неча фоизгача оширилишига аниқлик киритилмаган. Вазирлик эълон қилган видеолавҳада, вазир ўринбосари Умид Мамадаминов электромобилларни зарядлаш станциялари электрдан узиб қўйилгани бўйича тўхталган.
Унинг сўзларига кўра, декабрь ойининг ўрталарида тегишли идоралар ўтказган рейдда субистеъмолчилар фаолияти белгиланган талабларга қанчалик мослиги ўрганилган.
“Ўрганиш якунларига кўра, шу куннинг ўзида бир қанча станциялар ўчирилган. Энергетика вазирлигининг аралашувидан сўнг, фаолиятида камчиликка йўл қўймаган станциялар тармоққа қайта уланган. Фақат техник шартлар ва бошқа мажбуриятларга доир муаммоларга эга бўлган 11 дона станцияга ҳужжатлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб олгунга қадар қонунчиликда белгиланган оралиқда муддат белгиланган. Айни пайтгача улар ҳам тармоққа уланган бўлиб, бугун Тошкент шаҳрида ўчирилган биронта ҳам қуввантириш станцияси йўқ”, деган у.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, субабонент сифатида электромобилларни қувватлантириш станцияларини ўз ҳудудига улаган барча тадбиркорлик субъектлари ҳудудий электр тармоқлари филиалларига мурожаат қилган ҳолда, ўзларининг техник шартларини ўзгартиришлари ва янги қувватларни белгилаб олиши керак.
Таъкидланишича, республикда 1000 га яқин, Тошкент шаҳрида эса 500 дан зиёд қувватлантириш станциялари ишлаб турган бўлса, уларнинг атиги 103 таси техник шартларга эга. 2024 йил 1 ноябригача Ўзбекистонга 5417 та қувватлантириш станцияси олиб кирилган ва шу йилнинг ўзида ана шунча техник шарт олиниши керак бўлган.
“Бу ҳолатда эса ҳудудларда юкламанинг ортиши, кучланишнинг пасайиши ва бошқа истеъмолчиларга электр энергиясини етказиб беришда узилишлар юзага келиши ҳеч гап эмас”, дейди вазир ўринбосари.