ЕЧЛ: Англия клублари учун омадли ўтган тур
Футбол бўйича янгича форматда ўтаётган Европа чемпионлар лигасининг иккинчи тури ҳам ўз ниҳоясига етди. Мазкур тур Англия ва нисбатан Германия клублари учун омадли ўтган бўлса, Испания клублари учун муваффақиятсиз ўтди.
Гап шундаки, мазкур турда Англиянинг тўрт жамоаси ғалабага эришди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Астон Вилла” ўз майдонида “Бавария”ни 1:0 ҳисобида таслим этди. “Арсенал” Лондонда меҳмон бўлган “ПСЖ” клубини 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, “Ливерпуль” 2:0 ҳисобида “Болонья”дан устун келди. Сафарда “Слован Братислава” меҳмони бўлган “Манчестер Сити” бу турда мезбонлар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилди.
Германия жамоаларидан “Байер 04” 1:0 ҳисобида “Милан” жамоасини енгди. “Боруссия Дортмунд” ўз майдонида “Селтик” устидан 7:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, “Штутгарт” ва “Спарта Прага” баҳси 1:1 ҳисобида ўз ниҳоясига етди. “РБ Лейпциг” эса 2:3 ҳисобида “Ювентус”га таслим бўлди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, испан клубларидан бу турда "Жирона", "Атлетико" ва "Реал" кутилмаганда мағлубиятга учради. Фақатгина "Барселона" жамоаси "Янг Бойз" дарвозасига жавобсиз 5 та гол уриб, муҳим бўлган 3 очкони қўлга киритди.
Кутилмаган натижаларга бой бўлган 2-турдан сўнг “Боруссия Дортмунд”, “Брест”, “Бенфика”, “Байер 04”, “Ливерпуль”, “Астон Вилла” ва “Ювентус” клублари очколарини 6 тага етказиб олди. “Манчестер Сити”, “Интер”, “Спарта Прага”, “Аталанта”, “Спортинг”, “Арсенал” ҳамда “Монако” эса учинчи турга 4 очко жамғарган ҳолда етиб келди.
Биттадан ғалаба ва мағлубият қайд этган “Бавария”, “Барселона”, “Реал Мадрид”, “Лилль”, “ПСЖ”, “Селтик”, “Брюгге”, “Фейеноорд”, “Атлетико” клублари 3 очко билан 15-23 ўринларга жойлашди. Шунингдек, “ПСВ”, “Штутгарт”, “Болонья”, “Шахтёр”, “Динамо Загреб” жамоалари 1 очко билан мусобақани давом эттирмоқда.
Афсуски, “РБ Лейпциг”, “Жирона”, “Штурм”, “Милан”, “Црвена звезда”, “Зальцбург”, “Слован Братислава”, “Янг Бойз” каби жамоалар кетма-кет икки турда имкониятни бой бериб очкосиз қолмоқда.
Европа чемпионлар лигасининг 3-тур учрашувлари 22-23 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда “Милан” – “Брюгге”, “Монако” – “Црвена звезда”, “Арсенал” – “Шахтёр”, “Астон Вилла” – “Болонья”, “Жирона” – “Слован Братислава”, “Ювентус” – “Штутгарт”, “ПСЖ” – “ПСВ”, “Реал” – “Боруссия Дортмунд”, “Штурм” – “Спортинг”, “Аталанта” – “Селтик”, “Брест” – “Байер 04”, “Атлетико” – “Лилль”, “Янг Бойз” – “Интер”, “Барселона” – “Бавария”, “Зальцбург” – “Динамо Загреб”, “Манчестер Сити” – “Спарта Прага”, “РБ Лейпциг” – “Ливерпуль”, “Бенфика” – “Фейеноорд” каби жамоалар баҳсига гувоҳ бўламиз.
Маълумот ўрнида айтиб ўтишимиз лозимки, Европа чемпионлар лигасининг айни дамда давом этаётган дастлабки босқичидан 24 жамоа плей-офф босқичига йўл олади. Улар орасида энг яхши натижа қайд этган 8 та клуб тўғридан-тўғри 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритади. Умумий босқичда 9-24 ўринларни эгаллаган жамоалар плей-оффнинг қўшимча раундида иштирок етади. Унда энг яхши натижа кўрсатган 8 та жамоа мусобақанинг 1/8 финал босқичида юқоридаги 8 та клубга қарши ўйин ўтказади.
Европа чемпионлар лигасининг финал ўйини 2025 йилнинг 31 май куни Мюнхен шаҳридаги “Альянц Арена” стадионида бўлиб ўтади.