Дунёда ўртача умр кўриш давомийлиги 80 йилда қарийб 30 йилга узайди
📊 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, 1945 йилда дунё бўйича ўртача умр кўриш давомийлиги 45 ёшни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, бу кўрсаткич 73,5 ёшга етди.
✅ Сўнгги саксон йил ичидаги бундай ўсиш динамикаси Ер юзида қирғинбарот урушлар камайиши, ижтимоий тараққиёт ва энг асосийси, жаҳон тиббиётидаги ютуқлар билан боғлиқ.
💉 Масалан, ҳозирги кунда дунёда яшовчи болаларнинг 80 фоиздан ортиғи қизамиқ, қоқшол, дифтерия ва пневмония каби хавфли касалликларга қарши эмланмоқда.
🏵 Илгари бу кўрсаткич атиги 5 фоизни ташкил этганини ҳисобга олсак, ривожланиш тенденцияси жадал суръатда давом этаётгани маълум бўлади.
📉 Шунингдек, кейинги 25 йилда ОИВ/ОИТС, безгак ва сил касалликлари туфайли ўлим ҳолатлари сезиларли даражада камайган. Оналар ва болалар ўлими ҳам кескин қисқарган.
💫 ЖССТ раҳбари глобал таҳдидлар ҳақида ҳам огоҳлантирди. У пандемиялар чегара билмаслиги, қисқа вақт ичида бутун дунё бўйлаб тарқалишини таъкидлади.
💬 “Қолаверса, иқлим инқирози — яна бир жиддий муаммо. Агар бундай глобал таҳдидларга қарши биргаликда курашилмаса, вазият йилдан йилга ёмонлашиши мумкин”, — деди Тедрос Гебрейесус.
📌 Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мамлакатимизда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,1 ёшни ташкил этмоқда. "Ўзбекистон — 2030" стратегиясига кўра, 2030 йилга келиб, бу кўрсаткични 78 ёшга етказиш устувор мақсад сифатида белгиланган.
