Депутат болам, шу пайтгача қаерда эдинг?

Депутат болам, шу пайтгача қаерда эдинг?

Биз журналистларга ҳам қийин: «Қонунларимиз мукаммал», деб ёзсак, ҳатто талабалар устимиздан кулишади, «…номукаммалроқ экан», десак депутатлар ва сенаторларимиз хафа бўлишади.

Қарангки, шу кунгача «Кўп болали оила» тушунчаси 21 та қонун ҳужжатида, жумладан, 5 та қонунда қўлланилган ва турлича мезонлар белгиланган экан. Шу сабабли, энди ана шу қонун ҳужжатларида кўп болали оилаларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш зарурати вужудга келибди (!).

Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликдаги шу «камчилик»ни тузатиш учун қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига киритибди. Сайловолди дебатларида олам-олам ваъдалар берган сиёсий партияларимиз вакиллари эса шу кунгача бундан бехабар эканлигига қойил қолмадим.

Хуллас, лойиҳада Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига «кўп болали оила» тушунчаси ва унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи қўшимча киритилмоқда. Унга кўра, ота-она ёки улардан бири билан бирга яшаётган тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек кундузги таълим шаклида таълим олаётган йигирма икки ёшга тўлмаган болалари бўлган оилалар кўп болали оилалар ҳисобланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 436-моддаси, Меҳнат кодексининг 68-моддаси ва «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси Оила кодексига киритилиши таклиф этилаётган қўшимчага мувофиқлаштирилмоқда.

Бугун депутатларнинг камералар қаршисида мақтанишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги турли хил ёндашувлар бартараф этилишига, давлат ҳимоясига муҳтож бўлган кўп болали оилаларга ижтимоий адолат принципи асосида имтиёзлар берилишига, хусусан, турар жой, ер ажратиш, солиқ тўловлари ва бошқа бир қатор имтиёзлардан кенг фойдаланишга ҳуқуқий асос яратармиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилармиш.

Зўр-ку! Аммо ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, нега шу вақтгача «кўп болали оила»ларга бу имтиёзлар берилмаган ва иқтисодий оғир дамларда уларнинг аҳволи не кечган? Ҳеч чора тополмагач, охир-оқибат «кўп болали оила» бўлишни истамай қўйган (ҳозир аксарият оилалар 1-2 нафар фарзандли) да бу қонунга зарурият қолганмикан? Ёки қонун қабул қилингач, оила бошлиқлари яна ўз вазифалари билан астойдил шуғулланишига ишорамикан? Нима бўлганда ҳам, нуронийларимизнинг дили оғрийдиган бўлди: «Ай, депутат болам, шу пайтгача қаерда эдинг?».

ИМҲО дермиди?

Суқрот Тошкандий

Манба: fikrat.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!