Божхона қўмитаси номидан Telegram канал очиб фирибгарлик қилган жиноий гуруҳ аниқланди
Интернетда Божхона қўмитаси номидан сохта саҳифалар очиб фуқаролар пулларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақида Тошкент вилояти божхона бошқармаси хабар берди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тадбир давомида Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ фош этилиб, гуруҳ аъзолари қўлга олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22-25 ёшли 5 нафар шахс жорий йил бошида жиноий режа тузиб, Telegram ва Instagram тармоқларида божхона тизими номидан «Мусодара товарлар» ва «Оптом склад» номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил қилган.
Мазкур гуруҳларда «Божхона қўмитаси админи», «Ишонч сиз билан» каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништириб келган. Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган.
Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган. Натижада жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўм пул маблағлари ўзлаштирилган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда «қора рўйхат»га киритилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.


