Байден маъмурияти Украинага АТАCМS ракеталарини Учинчи жаҳон уруши қўрқуви туфайлимас, балки ушбу ракеталарнинг етишмаслиги сабаб аввалроқ бермаган

Бу ҳақда Қўшма Штатлар собиқ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилди.
"Сиз мени бу қарорни Учинчи жаҳон уруши бошланишидан чўчиб қабул қилмаганликда айбламоқчисиз, аммо мен ҳеч қачон АТАCМS масаласида бундай фикр билдирмаганман", — деди у.
Салливаннинг сўзларига кўра, дастлаб бу АТАCМS ракеталарини етказиб бермаслик қарори Пентагон ва АҚШ Қуролли кучларининг бевосита тавсиясига асосланган.
"АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлари президент Байденга бу ракеталардан ўз эҳтиёжларимизни қондириш учун ҳам етарлича мавжуд эмаслигини маълум қилганди. Шунинг учун улар АТАCМS ракеталарини бошқа давлатга бермасликни тавсия қилганди", – дея изоҳ берди Салливан.
Унинг сўзларига кўра, вақт ўтиши билан Қўшма Штатлар АТАCМS ракеталарини кўпроқ ишлаб чиқарган ва кейин уларни Украинага топшириш имконига эга бўлган.
Шу билан бирга, Жейк Салливан Киевга ракеталар тезда берилмаганининг иккинчи сабаби барибир "эскалацияни олдини олиш масаласи" бўлганини қўшимча қилди.
"Биз турли қарорлар қабул қилиб, Украинага керакли қуролларни бериш ва шу билан бирга вазиятнинг оғирлашишининг олдини олиш учун хавф даражасини баҳоладик", – деди Салливан.