Интернетдан нимани изласак, шуни топяпмиз(ми)?

Долзарб савол! Интернет глобал ахборот тармоғи имкониятлари ортиб борар экан, ундан келиши мумкин бўлган таҳдид ва хуружлар ҳам шунга яраша кўпаймоқда. Глобаллашув ҳатто қуролли тўқнашув, тартибсизлик ва нотинчликларни ҳам келтириб чиқармоқда.
АОКА Интернет ва онлайн платформаларда глобал даражада таҳдид ва хавф туғдираётган, жамият таназзулига сабаб бўлаётган ноқонуний контентларга қарши курашиш чақириғи билан экспертлар, мутахассисларнинг хавотирли таҳлилларини тақдим этиб келмоқда. Мақсад ягона: интернетдаги хавфларни ҳар бир шахс англаши ва биргаликда келажак авлодни ундан ҳимоя қилишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш.
🖋Абдумуталлиб Ўктамов мақоласида ҳам ана шундай асосли хавотирлар баён этилган:
Яна бир хавотирли жиҳати, интернетга, мобиль қурилмаларга тобелик кишиларда ишчанликни сусайтираётгани, айниқса, ёш авлодни дангасалик, ялқовлик, боқимандаликка етаклаётгани бор гап. Ўқишга, дарсга беписанд авлод шаклланаётгани эса жудаям ачинарли. Билимсизлик бекорчиликка, бекорчилик қашшоқликка, қашшоқлик эса жиноятчиликка бошлайди.
Муаллиф мулоҳазасича, интернет тармоғида тарқалаётган савиясиз ва фойдасиз контентлар, онлайн қимор ўйинлари миллатнинг, халқнинг, давлатнинг келажагини хатарга, кишиларни парокандаликка етаклайди. Буларнинг ортида давлатларни емиришга қаратилган стретегик ҳаракатлар мавжуд.
Тўғри, интернетдан ҳам ким нимани изласа, ўшани топади, дейишингиз мумкин. Лекин, соғлом мантиқ билан ўйласангиз, бу гап фақатгина интернетдан мақсадли фойдаланувчилар учунгина тўғри келади. Бемақсад, шунчаки бекорчиликдан, вақт ўтказиш учун фойдаланувчилар ва, энг асосийси, болалар-чи? Улар носоғлом, нохолис, савиясиз, беҳаёликни тарғиб этувчи контентлардан, онлайн қиморлардан етарли даражада ҳимояланганми?, дея ташвишини ифодалаган муаллиф.
✅ Муаллифнинг қуйидаги фикрлари ҳам жуда ўринли:
Тараққиёт – зарурат, албатта, керак. Лекин, у миллатнинг, халқнинг қадриятларига асло зиён етказмаслиги даркор. Ва бу ўта муҳим. Бу хатардан ҳимояланишга етарли эътибор қаратиш, чоралар кўриш зарур.
Энг муҳими, жамоатчилик иштирокини ошириш, нохолис контентларга қарши курашда давлат ва жамият кучини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоялашда ўта муросасиз бўлишимиз керак.