АҚШ иштирокисиз Россиядан ҳимояланиш учун Европага тахминан 250 миллиард евро зарур — IfW Kiel

Bruegel таҳлил маркази ва IfW Kiel Жаҳон иқтисодиёти институти ҳисоб-китобларига кўра, агар Европа Россия тажовузидан Қўшма Штатларнинг ёрдамисиз ҳимояланмоқчи бўлса, ҳар йили жорий ҳарбий харажатларга қўшимча равишда 250 миллиард евро сарфлаши керак бўлади. Бу маблағ, хусусан, 300 минг аскардан иборат 50 та янги бригадани шакллантириш учун сарфланиши лозим.
Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи учун Маастрихт шартномасида белгиланган қарз чекловларини юмшатишни таклиф этмоқчи. Бу Европа ҳукуматларига танклар, қирувчи самолётлар ва ўқ-дорилар учун миллиардлаб евро маблағ сарфлаш имконини беради, бунда ушбу харажатлар бюджет камомади лимитига киритилмайди. Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шолц ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда.
Франция, Испания, Италия ва Греция Европани қуролланиш харажатларини Европа умумий қарзи ҳисобидан молиялаштиришини таклиф қилмоқда, бу эса уларнинг юқори қарздорликка эга миллий бюджетларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Франция президенти Эммануэл Макрон коронавирус пандемиясидан кейинги Европа тикланиш жамғармасига ўхшаш 1 миллиард евролик Европа мудофаа жамғармасини ташкил этишга чақирмоқда.
Бундан ташқари, ЕИнинг бир қатор мамлакатлари Европа инвестиция банки қурол-яроғ ва ўқ-дорилар харид қилиш учун паст фоизли кредитлар ажратишини қуллаб-қувватламоқда.