АИ-80 бензинини сотиш ва ундан фойдаланиш чекланиши мумкин
Ўзбекистонда 2025 йилдан "Евро – 4" стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғиси ( АИ-80 бензини) сотилиши чекланиши мумкин. Бу ҳақда 2025 йилга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасида маълум қилинган.
Кенг жамоатчилик, халқаро ва маҳаллий экофаоллар, Ўзбекистон экологик партияси ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таклифини инобатга олган ҳолда 2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида айрим йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш тақиқланади. Булар асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар, тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари, самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш, қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш, хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари.
2025 йил якунига қадар қуйидаги вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга барча куч ва ресурслар сафарбар этилади:
- “Евро – 4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни чеклаш;
- республиканинг барча ҳудудларида жойлашган иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланишни тақиқлаш, бундан Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда авариявий ёқилғи сифатида фойдаланиш ҳолатлари мустасно.
2025 йил 1 ноябрга қадар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан пластик қадоқларни ёки пластик қадоқларда маҳсулот ишлаб чиқарувчи ҳамда импорт қилувчиларга “тараларни қайтариш”, ушбу турдаги чиқиндиларни қабул қилувчи махсус жойлар ва ускуналарни ўрнатиш орқали йиғиб олиш ва утилизация қилиш ёки утилизация йиғимини тўлаш бўйича кенгайтирилган мажбуриятни жорий қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда 2025 йил 1 октябрга қадар марказларда тақиқланган лойиҳаларни ва энергия сиғими юқори бўлган йўналишлардаги мавжуд қувватларни босқичма-босқич Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларидан кўчириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.