Агар АҚШ оқилона шартларни илгари сурса, урушнинг олдини олиш мумкин
"Эрон АҚШдан музокаралар ўтказиш бўйича таклифларни олишда давом этмоқда ва агар қўйиладиган шартлар оқилона бўлса, урушнинг олдини олишга умид бор", — деди Эрон олий раҳбарининг маслаҳатчиси Али Шамхани Al Mayadeen телеканалига берган интервьюсида.
Шунингдек, Али Шамхани томонлар ўртасидаги англашилмовчиликлар бартараф этилганидан сўнг, АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиши мумкинлигини истисно этмади.
Али Шамханининг бошқа баёнотлари:
◾️ Эрон ядровий дастури юзасидан фақат АҚШ билан музокара олиб бориши мумкин, чунки Европа бундай келишувга қодир эмаслигини намоён қилган;
◾️ Теҳрон маълум шартлар асосида уранни бойитиш даражасини 60 фоиздан 20 фоизгача камайтиришга тайёр;
◾️ Эрон ҳозирча вайроналар остида қолган бойитилган уранни чиқариб олмоқчи эмас ва унинг аниқ миқдори бўйича ишончли маълумот ҳам йўқ;
◾️ Теҳрон Вашингтон билан эҳтимолий келишувга юқори даражада бойитилган уран захираларини учинчи давлатларга олиб чиқишни киритмайди;
◾️ АҚШ томонидан тажовуз содир этилган тақдирда, Исроил ҳудуди Эрон учун қонуний нишонга айланади. Чунки улар “бир бутун куч” сифатида кўрилмоқда.
